«Толибон» ҳукумати мамлакатнинг шимолидаги тоғли ҳудудларда Покистон қўшинларига зарбалар йўллаганини тасдиқлади.

Қурбонлар сони ҳозирча номаълум. «Толибон» ўз ҳаракатларини Покистон Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиб киргани ва Кобулга зарба берганига жавобан ўтказилган амалиёт деб атади.

Покистон ички ишлар вазири Муҳсин Накви афғонларнинг ҳужумларини асоссиз ҳужум деб атаб, уларни тинч аҳолини ўққа тутишда айблади. У Покистон кучлари Афғонистон зарбаларига жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирди.

Исломобод Кобулни Покистон ҳудудида ҳужум уюштираётган жангариларни яширишда айбламоқда. «Толибон» бу айбловларни рад этмоқда. Бу эскалация Афғонистон ТИВ раҳбарининг Ҳиндистонга тарихий ташрифи фонида юз берди.

BBC маълумотларига кўра, иккала томон ҳам Покистоннинг Хуррам округида ўқотар қурол ва артиллериядан фойдаланган.

Накви «Толибон»нинг ҳужумларини қоралаб, «афғон кучлари томонидан тинч аҳолига қарата ўқ узиш – халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилиши» эканини таъкидлади.

«Афғонистон олов ва қон билан ўйнашмоқда», – дея ёзган у X ижтимоий тармоғида.

Покистон армияси вакили мамлакат фуқаролари ҳаёти ва мулкларини ҳимоялаш учун барча зарур чоралар кўрилишини хабар қилган.

Покистон армияси ҳозирча расмий баёнот бермади, бироқ BBC’нинг хавфсизлик кучларидаги манбаси Покистон-Афғонистон чегараси бўйлаб Ангур-Ада, Бажаур, Хуррам, Дир, Читрал ва Баҳромча каби бир неча нуқтада отишмалар бўлиб ўтганини маълум қилди.

Хуррам туманидаги тўқнашув жойига яқин бўлган полиция ходимининг BBC’га айтишича, Афғонистон томонидан оғир қуроллардан ўт очиш маҳаллий вақт билан соат 22:00 атрофида (Гринвич бўйича 17:00) бошланган.

Унинг қўшимча қилишича, чегаранинг турли нуқталаридан шиддатли отишмалар бўлаётгани ҳақида хабарлар келиб тушган.

Пайшанба куни кечга яқин Кобулда иккита портлаш содир бўлганидан кейин «Толибон» ҳукумати Покистонни Афғонистоннинг «суверен ҳудуди»ни бузишда айблаганди.

Жума куни Афғонистон мудофаа вазирлиги Покистон мамлакат жануби-шарқидаги чегарадош Пактика вилоятидаги фуқаролик бозорини бомбардимон қилганини маълум қилди. Маҳаллий аҳоли BBC’нинг Афғонистон хизматига кўплаб дўконлар вайрон бўлганини айтган.