Тақдимотда айтилишича, бугунги кунда мамлакатимизда 50 минг километрлик суғориш тармоқлари мавжуд бўлиб, 1,6 минг насос станцияси ва 10 мингдан зиёд сув объектлари фаолият юритмоқда. Тақдимотда соҳада амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш ва хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Янги ёндашув асосида сув ҳисобини юритиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. “Suv hisobi” ахборот платформаси орқали фойдаланилган сув миқдори аниқ ҳисобланади ва истеъмолчиларга электрон тарзда маълум қилинади. Бу тизим ҳисоб-китобларда инсон омилини камайтиради, ортиқча қоғозбозликни бартараф этади ҳамда ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади.

Маълумотларнинг аниқлигини таъминлаш мақсадида “Рақамли қишлоқ хўжалиги” платформаси билан интеграция йўлга қўйилади. Шу орқали суғориладиган ерлар, экин турлари ва сув лимитлари ҳақидаги маълумотлар автоматик янгиланиб боради.

Шунингдек, соҳадаги барча маълумотларни бир тизимда жамлаш учун Сув хўжалиги вазирлигининг “Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази” ташкил этилади. Марказ сув баланси, насос станциялари ва сув сарфи бўйича маълумотларни таҳлил қилади, қарор қабул қилиш жараёнларини автоматлаштириш имконини яратади.

Бундан буён сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш масалалари билан вазир ўринбосари шуғулланади.

Соҳада “Давлат сув кадастри” ахборот тизими яратилади. У орқали сув ресурсларига оид маълумотлар тегишли вазирлик ва идоралардан йиғилади ва ягона базада шакллантирилади. Бу, ўз навбатида, маълумот алмашиш жараёнини соддалаштириб, ҳисоботларни қоғозда юритиш амалиётини қисқартиради. “Давлат сув кадастри” тизимини 2026 йил апрелига қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

Қуйи бўғиндаги хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Эҳтиёж ва мавсумий шароитдан келиб чиқиб, хизматларда штатларнинг ўзгарувчан бошқарув тизими жорий этилади. Хизматларнинг самарадорлиги KPI кўрсаткичлари асосида баҳоланади.

2026 йилдан бошлаб ходимларни рағбатлантириш тизими амалий натижаларга боғланади, яъни етказилган сув миқдори ва фойдаланилган ҳажм ўртасидаги тафовут асосида баҳоланади.

Муассасаларнинг молиявий мустақиллигини ошириш мақсадида сув солиғидан тушган маблағларнинг 40 фоизини ўзининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтиришига рухсат берилади.