Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ҳамас–Исроил сулҳи

Ҳамас сешанба куни Исроилга яна бир гуруҳ гаровдагиларнинг жасадларини топширди. Бу воқеа АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазо урушини тугатиш режасини эълон қилганидан бери қайд этилган биринчи ижобий силжишлардан бири сифатида баҳоланди. Ҳамас ҳозиргача жами 8 та тобутни топширди, камида 19 киши ўлик, яна бири бедарак деб ҳисобланмоқда.

Жасадлар топширилгач, Исроил ёрдам сифатида Ғазога киришга рухсат этиладиган ҳуманитар юк машиналари сонини ярмига камайтиришини билдирди. Тел-Авив бу қарорни Ҳамаснинг «ўтган ҳафта тузилган сулҳ келишувига биноан жасадларни топшириш бўйича мажбуриятни бузгани» билан изоҳлади.

Трампнинг тинчлик режасига доир истиқбол эса янада қоронғилашди: президент Ҳамас қуролсизланмаса, АҚШ ҳарбий зарбалар уюштиришини айтди.

«Агар улар қуролсизланмаса, биз уларни қуролсизлантирамиз. Бу тез ва эҳтимол зўравон тарзда содир бўлади», - деди Трамп Оқ уйда.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу эса уруш Ҳамас қуролларини топшириб, Ғазо устидан назоратдан воз кечмагунча тугамайди, деган позициясини такрорлади.

Исроил армияси сешанба куни Халқаро Қизил Хоч орқали Ғазо шимолидаги алмашув пунктида 4 тобутни қабул қилиб олганини билдирди. Тобутлар Исроил аскарлари кузатувида чегара орқали олиб ўтилди ва экспертизага жўнатилди. Ҳамас ҳам бу жараённи тасдиқлади.

Исроил расмийлари айтишича, Ҳамас жасадларни вақтида топширмагани учун чоршанбадан бошлаб Ғазога кирадиган ёрдам машиналари сони икки бараварга камайтирилади ва Миср билан жанубий чегара ўтиш жойини очиш режаси кечиктирилади.

Reutersʼнинг ёзишича, Исроил дрон зарбалари натижасида Ғазо шаҳри шарқидаги маҳаллаларда 5 фаластинлик ҳалок бўлган, яна бир киши Хон-Юнус яқинида ҳаво ҳужумида ўлдирилган. Ҳамас Исроилни сулҳни бузганликда айблади. Исроил армияси эса «сулҳ чизиғини кесиб ўтиб, огоҳлантиришга қарамай яқинлашган» кишиларга ўт очганини билдирди.

Бу орада қайта сафарбар қилинган Ҳамас аъзолари Ғазода назоратни қайта тиклашаётганини намойиш қилди — улар юзлаб хавфсизлик кучларини кўчаларга жойлаштириб, сектор ҳудудида тинчликни таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Ҳамас манбалари Reutersʼга берган изоҳида «энди Ғазода тартибни бузувчиларга — хоинлар, қуролли талончилар ва гиёҳванд савдогарларига тоқат қилинмаслигини» айтди.