Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил урушни қайта бошлаш билан таҳдид қилди

Ҳамас ўз назоратидаги барча ҳалок бўлган исроиллик гаровдагиларнинг жасадлари топширилганини, қолганларини эса Ғазо вайроналари остидан чиқариш учун махсус техник воситалар зарурлигини маълум қилди. Бу баёнот Исроилнинг агар сулҳ шартлари бузилса, урушни қайта бошлаш ҳақидаги таҳдидлари ортидан билдирилди.

Чоршанба куни кечқурун яна икки жасад топширилди. Бунгача Ҳамас 28 нафар ҳалок бўлган гаровдаги исроилликдан 7 нафарининг жасадини топширган, Исроил эса саккизинчи жасад гаровдагилардан бирига тегишли эмаслигини билдирган эди.

Ал-Қассам бригадалари тарқатган баёнотида шундай деди:

«Биз ўзимиздаги барча тирик исроиллик асирларни, шунингдек, қўлимиз етган жасадларни топшириш орқали келишувдаги мажбуриятимизни бажардик... Қолган жасадларни топиш ва чиқариб олиш эса катта саъй-ҳаракатлар ҳамда махсус техник воситаларни талаб қилади».

Бундан олдинроқ Исроил мудофаа вазири Исроил Катц, агар Ҳамас келишувга риоя қилмаса, Исроил АҚШ билан ҳамкорликда жанговар ҳаракатларни қайта бошлаши ҳақида айтганди. Трамп ҳам Ҳамас келишувни бажармаса, Исроилга жангни давом эттиришга рухсат беришни кўриб чиқишини айтди.

Шундан сўнг, АҚШнинг юқори даражадаги маслаҳатчилари журналистларга Ҳамас ўлик гаровдагиларнинг жасадларини қайтариш мажбуриятини бажаришга интилаётганини маълум қилди.

АҚШ маслаҳатчиларининг айтишича, Ғазо «бутунлай вайрон бўлгани» боис жасадларни топиш ниҳоятда қийин. Шу сабабли, АҚШ ва бошқа воситачилар ҳалок бўлган асирларнинг жасадларини топишда ёрдам бераётган шахсларга мукофот дастурини жорий этишни кўриб чиқмоқда. Туркия эса Ғазога жасадларни қидириш бўйича мутахассислар юбориш учун музокаралар олиб бораётганини билдирди.

Чоршанба куни БМТ кузатувчилари ҳамроҳлигида озиқ-овқат ва ёқилғи ортилган юк машиналари Керем Шалом чегарасидан Ғазога киритилди. Рафаҳ ўтиш пункти эса пайшанба куни қайта очилиш арафасида, бироқ Исроил Ҳамас жасадларни жуда секин қайтараётганини баҳона қилиб, ёрдамни чеклаши мумкинлигини огоҳлантирди.

БМТ ва инсонпарварлик ташкилотлари эса Исроилдан «минглаб юк машиналари»ни Ғазога киритиш учун кўпроқ ўтиш пунктларини очишни талаб қилмоқда.