Ўзбекистон | 13:50 / 17.10.2025
2575
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон дунё кино юлдузларини ислом цивилизацияси ҳикоячиси сифатида жалб этмоқчи

Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда 150 дан ортиқ қисқа филм ва видеороликларни экспозицияларда намойиш этишга тайёрланмоқда. Лойиҳаларда дунё кино ва санъат юлдузлари ҳикоячи сифатида иштирок этиши кутиляпти.

Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси марказида кенгайтирилган илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда марказ фаолиятини ривожлантириш, экспозицияларни бойитиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этишга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” мавзусида яратилаётган янги экспонатлар ҳақида тақдимот қилди.

Шунингдек, марказнинг маънавий ва илмий концепциясини ёритувчи ҳужжатли фильмлар ҳамда видеороликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Ҳозиргача Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда 150 дан ортиқ қисқа филм ва видеороликлар тайёрланган бўлиб, улар марказ экспозицияларида намойиш этилади. Кенгашда ушбу видеомаҳсулотларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш тартиби муҳокама қилинди.

“Ҳар бир ҳужжатли ролик ёки видеомаҳсулот илмий кенгаш муҳокамасидан ўтиши — унинг мазмун ва сифати юксак даражада бўлишини таъминлайди. Биз ҳар бир кадр орқали ҳақиқатни, тарихни ва маърифатни намоён этмоқчимиз”, — деди Марказ директори ўринбосари Ражаб Ражабов.

Йиғилишда марказ фаолиятини халқаро миқёсда тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишда CNN, BBC, Euronews каби етакчи телеканаллар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани маълум қилинди.

Шу доирада дунёга машҳур инглиз актёри, икки карра “Оскар” мукофоти соҳиби Бен Кингсли Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги махсус илмий-маърифий видеолойиҳада ҳикоячи сифатида иштирок этмоқда. У ўз ижодий фаолиятида “Ганди”, “Шиндлер рўйхати”, “Табиб. Ибн Синонинг шогирди”, "Форс шаҳзодаси" каби фильмлардаги роллари билан жаҳон киносанъатида катта обрў қозонган. Айниқса, “Табиб”даги Ибн Сино образи унинг номи билан узвий боғланиб қолган.

Шунингдек, юз нафар буюк ўзбек алломалари ҳақида Euronews ва CNN форматларида креатив видеолойиҳалар тайёрлаш режалаштирилган. Бу медиа-ташаббуслар орқали Ўзбекистоннинг тарихий шахслари, кашфиётлари ва замонавий фан асосчилари ҳақида бутун дунёга ҳикоя қилинади.

Лойиҳаларда Морган Фриман, Дензел Вашингтон, Мел Гибсон, Бурак Озчивит, Анжелина Жоли ва Бен Кингсли каби жаҳон юлдузларининг ҳикоячи сифатида иштирок этиши режалаштирилган.

Бен Кингсли овози орқали янграётган видеолойиҳа Ислом цивилизацияси марказининг тарихий аҳамияти ва маърифий миссиясини дунё жамоатчилигига етказишга хизмат қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров