Жаҳон | 08:21 / 20.10.2025
5184
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазога зарбалар берганидан сўнг ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини билдирди

Исроил армияси ўт очишни тўхтатиш режимига қайтишини эълон қилди. У аввалроқ ҲАМАСни жанговар ҳаракатларни қайта бошлаганликда айблаб, Ғазо секторидаги ўнлаб нишонларга зарба берган эди.

Фото: Amir Cohen/REUTERS

Исроил армияси Ғазо секторига ҳаво ҳужумларидан сўнг ўт очишни тўхтатиш режимига қайтганини эълон қилди. «Сиёсий раҳбарият буйруғи ва ҲАМАСнинг бузишига жавобан бир қатор кучли зарбалардан сўнг Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) яна ўт очишни тўхтатиш тартибини амалга оширишга киришди», — дейилади ЦАҲАЛ 19 октябр, якшанба куни кечқурун эълон қилган баёнотда.

Эришилган сулҳ битими хавф остида. 19 октябр куни эрталаб Исроил армияси Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳини ўт очишни тўхтатиш тартибини бузганликда, натижада икки исроиллик аскар ҳалок бўлганликда айблади. Бунга жавобан Исроил Ғазо сектори бўйлаб ҲАМАСнинг ўнлаб нишонларига зарба берди ва бу секторга гуманитар ёрдам етказиб беришни тўхтатди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «Ғазо секторидаги террорчилар нишонларига максимал куч» киритишни буюрди. Мудофаа вазири Исраэл Кац ҲАМАС «Исроил аскарларига қарата отилган ҳар бир ўқ» ва «ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш» учун «катта тўлов» тўлаши ҳақида огоҳлантирди.

ҲАМАСга кўра, Исроилнинг Ғазо секторига берган жавоб зарбаларида камида 45 киши ҳалок бўлган. Ғазо секторидаги тўртта касалхона AFP ахборот агентлигига бир хил миқдордаги ўлим ҳолатлари ҳақида хабар берди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид