Yandex Uzbekistan барқарор ривожланиш соҳасидаги илк ҳисоботини тақдим этди. Ҳисобот жамият учун муҳим бўлган ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни ўз ичига олади.

Фото: Yandex Uzbekistan 

Компания хизматлари, хусусан, Ўзбекистондаги юз минглаб инсонлар учун таълим ва бандлик имкониятларини яратиб бермоқда. Жумладан, жорий йилда Yandex Uzbekistan мамлакатда сунъий интеллект соҳаси бўйича етук мутахассисларни тайёрлайдиган илк мактабни очди, компания ҳамкорлари эса 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 340 миллион доллардан ортиқ даромад топишга муваффақ бўлди (2024 йилнинг шу даврига нисбатан +50%). Компания фаолиятида яна бир муҳим йўналиш — ўзбек тили ва маданиятини рақамли маконда ривожлантиришдир. Масалан, Yandex Search интернетдан 11,6 миллион матнни ўзбек тилида фойдаланиш учун очиқ ҳолатга келтирди, Yandex Maps эса Ўзбекистон харитасига 27 та архитектура ёдгорлигининг 3D-моделларини қўшди.

IT-таълим ва кадрлар тайёрлаш

Yandex Uzbekistan’нинг барқарор ривожланиш стратегиясидаги энг муҳим йўналишлардан бири — таълимни қўллаб-қувватлашдир. Компания мактаб ўқувчилари учун дастурлаш бўйича бепул курслар ташкил этмоқда, ўқитувчиларни нейротармоқлар ва Python билан ишлашга ўргатмоқда, шунингдек, мутахассислар учун ҳақ тўланадиган амалиётлар ва интенсив ишланма курсларини амалга оширмоқда. 2025 йилда компания Yandex Uzbekistan Coding and Math Contest танловини ўтказди — унда 87 нафар финалчи иштирок этди. Шунингдек, Technovation Girls халқаро дастури қўллаб-қувватланди — унда 1,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қиз иштирок этди ва 329 та мустақил лойиҳа тақдим этилди. 2025 йил октябридан эътиборан Yandex ML School — Ўзбекистонда сунъий интеллект мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган илк мактаб ўз фаолиятини бошлади. Лойиҳа New Uzbekistan University билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда ва ўқишга тахминан 3 мингта ариза қабул қилинди.

Бундан ташқари, компания ҳудудларда ҳакатонлар ўтказиб, қатнашчиларни ақлли шаҳар, хавфсизлик ва инклюзия йўналишида инновацион ечимлар ишлаб чиқишга жалб қилмоқда.