Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШнинг Россияга энг жиддий санкциялари
АҚШ 22 октябр куни Россиянинг йирик нефт компанияларига қарши санкциялар жорий қилди ва Россияни Украинадаги урушни тугатишга садоқатсизликда айблади. Янги санкциялар АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги саммит режалари барбод бўлганидан бир кун ўтиб эълон қилинди.
АҚШ Молия вазирлиги маълум қилишича, санкциялар Россиянинг энг йирик икки компанияси — «Роснефт» ва «Лукойл»ни нишонга олган. Мақсад — Москванинг уруш машинасини молиялаштириш имкониятини заифлаштириш.
«Энди қон тўкишни тўхтатиш ва дарҳол сулҳ эълон қилиш вақти келди», — деди АҚШ молия вазири Скотт Бессент. Унинг сўзларидан сўнг нефт нархи бир баррел учун 2 доллардан ортиқ ошди.
Трамп шунингдек, Украинага узоқ масофали Tomahawk ракеталарини беришга ҳали тайёр эмаслигини билдирди. НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашувда у «уларни ишлатишни ўрганиш учун украиналикларга камида олти ой керак бўлади», деди.
«Ҳар сафар Владимир билан гаплашаман — суҳбатлар яхши ўтади, лекин натижа бўлмайди», деди у. — «Улар ҳеч қаёққа олиб бормайди». Санкциялар ҳақида эса у қисқа жавоб берди: «Бу тўғри вақт эди, шунчаки шундай ҳис қилдим», — деди Трамп.
Бу санкциялар АҚШ томонидан Россия энергетика секторига қарши уруш бошланганидан бери қўлланган энг муҳим чоралар бўлди. Мутахассислар санкциялар ижроси ва назорати уларнинг самарадорлигини белгилашини таъкидламоқда.
Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам чоршанба куни Россияга қарши 19-санкциялар пакетини маъқуллади, у Россиядан суюқ табиий газ импортини тақиқлашни ўз ичига олади.
Россия стратегик ядро кучларини жалб этган ҳолда машғулот ўтказди
Россия президенти Владимир Путин 22 октябр куни мамлакатнинг ядро кучларини бошқариш бўйича режалаштирилган машғулот ўтказилганини маълум қилди.
«Россия Федерацияси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони раҳбарлигида стратегик ядро кучларининг ер, денгиз ва ҳаво қисмларини жалб этган ҳолда машғулот ўтказилди», дейилади Кремл баёнотида.
Баёнотда айтилишича, машғулот давомида қитъалараро баллистик ракеталар ҳамда ҳаво базасидан учириладиган қанотли ракеталарнинг амалий синовлари ўтказилган.






