Жаҳон | 08:51 / 24.10.2025
4621
2 дақиқада ўқилади

РФ активлари Киевга ўтказилса, немис фирмалари 100 млрд евро йўқотади

Европадаги музлатилган Россия активларининг Украинага ўтказилиши Москванинг жавоб чораларига олиб келади ва Германияни Россияга сармоя сифатида киритилган 100 миллиард евродан маҳрум қилади, деди «Германия-Россия Савдо палатаси» лоббичилик ташкилоти раҳбари.

Фото: JOHN MACDOUGALL/AFP/Getty Images

Агар Европадаги музлатилган Россия активлари Украинага ўтказилса, немис компаниялари Россияга илгари сармоя сифатида киритилган 100 миллиард евродан ортиқ маблағни йўқотиши мумкин. Бу - Германия-Россия Савдо палатаси бошқаруви раиси Маттиас Шеппнинг фикри. Москвада жойлашган ташкилот Россиядаги немис бизнес манфаатларини ҳимоя қилади. Шеппнинг позицияси пайшанба, 23 октябр куни dpa ахборот агентлиги томонидан келтирилди.

«Германия Россияга бошқа ҳар қандай давлатга қараганда кўпроқ сармоя киритди. Шунинг учун, Украина учун қурол сотиб олишга Россия Марказий банки маблағларидан режалаштирилган фойдаланишдан энг кўп йўқотишга дуч келмоқда», деди Шепп. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 100 миллиард евродан ортиқ қийматдаги Германия активлари хавф остида.

Шеппнинг тушунтиришича, у Москва ташқи бошқарувга берган ва Россиядаги ҳисоблари музлатилган Россиядаги немис фабрикалари ва компаниялари ҳақида гапирган. Масалан, Uniper ёки Wintershall Dea каби немис компаниялари.

Шеппга кўра, агар немис компаниялари Россиядаги бизнесини сотган тақдирда ҳам, улар тушган маблағни блокланган Россия ҳисобларига ўтказишга мажбур бўларди. Бу ҳисобларга кириш чекланган, аммо маблағлар ҳали ҳам расман немис компанияларига тегишли.

Бироқ, агар Европадаги музлатилган Россия активлари Украинага ўтказилса, Москва шунга ўхшаш чораларни кўради ва Россиядаги Европа, хусусан, Германия активларини миллийлаштиради, деб тахмин қилади Шепп. «Бу маблағлар Кремл хазинасига тушиши Германия ва унинг солиқ тўловчиларининг манфаатларига мос келмайди», деб хулоса қилди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид