Фаластиндаги асосий сиёсий кучлар, жумладан ҲАМАС, жума куни, 24 октябрда, Ғазо секторида ҳокимиятни технократлар қўмитасига топширишга тайёр эканини маълум қилди. Турли Фаластин кучлари ўртасида мос келишув Қоҳирадаги учрашувда эришилгани ҳақида AFP хабар берди.
Музокаралар якунидаги баёнотда «мустақил технократлардан иборат вақтинчалик Фаластин қўмита»си «дунёвий таъминот масалалари ва асосий хизматларни араб биродарлар ҳамда халқаро институтлар билан ҳамкорликда» амалга ошириши айтилган. Шунингдек, фракциялар «чақириқларга қарши умумий позиция ишлаб чиқиш устида ишлаш»га келишиб олгани қайд этилган. Уларнинг вакиллари билан Миср разведка хизмати раҳбари Ҳасан Рашад ҳам учрашган.
Бундан ташқари, ҲАМАС Қоҳирада Фаластиннинг Миллий озодлик ҳаракати — ФАТҲ раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказгани ҳақида AFP манбаси маълум қилди. Узоқ йиллар давомида ушбу ташкилотлар ўртасида низо мавжуд эди, ҳозир эса Ғазо урушига барҳам бериш режасининг иккинчи босқичини (ҳудудда ҳокимият алмашишини назарда тутади — таҳр.) муҳокама қилган ва «яқин вақтларда учрашувларни давом эттириш, Исроил ҳукумати чақириқлари олдида Фаластин ички фронтини ташкил этиш устида ишлаш»га келишган.
Октябр бошида ҳаракат АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф этган режага мувофиқ Ғазо сектори бошқарувини фаластинлик технократлардан шакллантирилган мустақил органга топширишга рози эканини тасдиқлаган эди.
Ўшанда ҲАМАС барча тирик исроиллик гаровдагиларни озод қилиш ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини топширишга ҳам тайёрлигини айтган. Отишма тўхтатилгандан сўнг тирик қолган 20 нафар гаровдаги шахс бирданига Исроилга қайтарилди. Бироқ 22 октябрга қадар ҲАМАС ҳалок бўлган 28 кишидан фақат 15 нафарининг жасадини топширди — режага кўра барча қолдиқлар уч кун ичида Исроилга етказилиши керак эди.
13 октябр куни Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида 20 дан ортиқ жаҳон етакчилари иштирокида халқаро «тинчлик саммити» ўтказилди. Унда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича декларация имзоланди. Воситачи давлатлар — Миср, Қатар, Туркия ва АҚШ — келишувларга риоя этилишини кафолатлашга тайёр эканини билдирди, мазкур келишувлар Ғазодаги урушга чек қўйишни кўзлайди.
Бироқ орадан бир неча кун ўтгач, келишув бажарилиши хавф остида қолди. 19 октябр тонгида Исроил армияси ҲАМАСни исроиллик аскарларга қилинган ҳужумда айблаб, икки ҳарбий ҳалок бўлганини билдирди. Исроил Ғазо бўйлаб ҲАМАСнинг ўнлаб нишонларига зарбалар берди ва 20 октябр тонгигача гуманитар ёрдам етказиб беришни тўхтатиб қўйди.








