Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазода ҳокимият технократларга топширилади

Фаластиндаги асосий сиёсий кучлар, жумладан ҲАМАС 24 октябрда, Ғазо секторида ҳокимиятни технократлар қўмитасига топширишга тайёр эканини маълум қилди. AFP нашрига кўра, Фаластин турли гуруҳлари ўртасидаги ушбу келишувга Қоҳирадаги учрашувда эришилган.

Музокаралар якунидаги баёнотда ҳудудда «мустақил технократлардан иборат вақтинчалик Фаластин қўмита»си ташкил қилиниши айтилади. Улар «таъминот масалалари ва асосий хизматларни араб биродарлар ҳамда халқаро институтлар билан ҳамкорликда» амалга оширади.

Бундан ташқари, Ҳамас Фаластиннинг Миллий озодлик ҳаракати — ФАТҲ раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказди. Узоқ вақт бир-бири билан адоватда бўлган гуруҳлар «яқин вақтда учрашувларни давом эттириш, Исроил ҳукумати хавфлари олдида Фаластин ички фронтини ташкил этиш устида ишлаш»га келишган.

Октябрь бошида АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф этган режага мувофиқ Ғазо сектори бошқаруви фаластинлик қўмитага топширилиши керак эди. Бунга гуруҳ рози бўлган. Исроил эса Ҳамас бутунлай кетишини хоҳламоқда.

АҚШ Ғазодаги сулҳни назорат қилиш учун дронлар учирмоқда

АҚШ ҳарбийлари сўнгги кунларда мўрт сулҳ битимининг назорати доирасида Ғазо секторида кузатув дронларини ишлатишни бошлади.

Америка ҳарбийларига кўра, дронлар Исроил розилиги билан Ғазодаги ерусти ҳаракатларини кузатиш учун ишлатилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, дронларнинг парвоз йўналишлари ошкор этилмайди.

Кузатув миссиялари АҚШ Марказий қўмондонлиги Исроил жанубида ташкил этган янги Фуқаровий-ҳарбий мувофиқлаштириш марказига ёрдам сифатида амалга оширилмоқда. Марказнинг вазифаларидан бири — сулҳни назорат қилиш.

АҚШ ҳарбийлари илгари ҳам Ғазода гаровдагиларни топиш учун дронлардан фойдаланган. Лекин сўнгги разведка фаолияти АҚШ Исроилдан мустақил равишда, Ғазодаги вазият ҳақида ўз тасаввурига эга бўлишни истаётганини кўрсатмоқда.

Сулҳни назорат қилишга масъул АҚШ Давлат департаменти дронларга оид саволларга жавоб бермади.

АҚШнинг Яқин шарқдаги собиқ дипломати Дениэл Шапиронинг айтишича, бу — Исроил фаол таҳдид сифатида кўрадиган фронтда АҚШ мониторингининг жуда чуқур шаклидир.