Жаҳон | 15:26 / 25.10.2025
3839
2 дақиқада ўқилади

КХДРда Украина урушида ҳалок бўлган ҳарбийлар хотирасига мемориал барпо этилмоқда

КХДРда Россиянинг Украинага қарши урушида ҳалок бўлган шимолий кореялик ҳарбийлар хотирасига мемориал пойдевори қўйилди, деб хабар берди жума, 24 октябр куни КМТА давлат ахборот агентлиги.

КХДР раҳбари Ким Чен Ин Пхеняндаги тадбирни Россия билан муносабатларнинг «тарихий чўққиси» деб атади ва «Пхенян доимо Москва томонида бўлишини» таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «жанговар жасоратлар музейи» «ҳақиқий ватанпарварларнинг абадий хотирасига бағишланган муқаддас маскан» бўлади.

Мемориал таркибида Россия ҳудудидаги жангларда иштирок этган шимолий кореялик аскарларнинг ҳайкаллари, шунингдек уларнинг жасоратларига бағишланган суратлар ва бадиий ишлар намойиш этилади.

Ким Чен Ин ва Россия президенти Владимир Путин ўзаро мудофаа тўғрисидаги шартномани имзолаган бўлиб, у КХДР томонидан 2024 йил ноябрида ратификация қилинган. Битим томонлардан бирига тажовуз қилинса, «зарур бўлган барча воситалар» билан дарҳол ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини назарда тутади.

2025 йил апрелида Шимолий Корея расман ўз аскарларини Россияга юборганини тасдиқлади, бу ҳақдаги миш-мишлар анча олдин тарқалган эди. Украина маълумотларига кўра, жанговар ҳудудга муҳандислар ва ишчиларни ҳам ўз ичига олган 14 мингдан кўп шимолий кореялик ҳарбий йўлланган.

Жанубий Корея разведкаси сентябр ойида келтирган баҳога кўра, Украинa билан чегарадош Россиянинг Курск вилоятида камида 2 минг шимолий кореялик аскар ҳалок бўлган. Бу кўрсаткич апрел ойида хабар қилинган тахминан 600 нафардан анча юқори. Яраланганлар сони эса бундан анча кўп деб баҳоланмоқда.

КМТАнинг таъкидлашича, мемориал пойдеворини қўйиш маросимида Россиянинг КХДРдаги элчиси ва элчихона ходимлари ҳам иштирок этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид