Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда иссиқ сувдаги зангга изоҳ берилди
Пойтахтнинг қатор туманларида иссиқ сув таъминотида зангли сув келиши кузатилди. Veolia буни иситиш мавсумига тайёргарлик билан изоҳлаб, мурожаат қилган истеъмолчилар билан далолатнома асосида қайта ҳисоб-китоб қилинишини маълум қилди.
Фото: Сунъий интеллект чизган сурат
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги иссиқ сувнинг ранги ўзгаргани, зангли сув келаётгани ҳақида шикоятлар тарқалди. Veolia Energy Tashkent изоҳига кўра, бу – иситиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги вақтинчалик ҳолат.
Компаниянинг тушунтиришича, иссиқлик тизими ишламайдиган оралиқ мавсумларда пойтахт тармоқлари ёзги режимда фаолият юритади. Бу пайтда иссиқ сув икки асосий қувурдан фақат биттаси орқали берилади, иккинчи линияда эса режалаштирилган таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Қувурлар ишлатилмаган даврда, айниқса юқори ҳароратда ва суюқлик ҳаракати чекланганида, металл қувурларнинг ички девори юпқа занг қатлами ҳосил бўлади.
“Бу ҳодиса вақтинчалик бўлиб, тизим параметрлари барқарорлашганидан сўнг қисқа муддат ичида йўқолади”, – дейилади изоҳда.
Маълум қилинишича, текширувлар жараёнида Veolia Energy Tashkent мутахассислари айрим уй-жойларда иссиқ сув қайтиш қувур орқали узатилганини аниқлаган. Ёзда бу қувур сув айланишида қатнашмайди. Бундай уланиш иссиқ сув ҳароратининг пасайишига, сувнинг қувурларда турғун ҳолатга келишига ва занг тусининг пайдо бўлишига олиб келади.
Бундай ҳолатда уй-жойларни бошқарувчи компаниялар билан биргаликда иссиқлик бўғинларидаги схемаларни тўғрилаш ва иссиқ сув тиниқлашгунча технологик сув тўкиш ишлари олиб борилади.
Сув ранги ўзгарганда, истеъмолчилардан иш кунлари Veolia'нинг колл-марказига мурожаат қилиш сўралмоқда: 1347 ёки (71) 200 00 56.
Дам олиш кунлари эса Veolia Energy Tashkent'нинг туман бошқармаларига (телефонлар) мурожаат қилиш мумкин.
“Барча мурожаатлар қайд этилади, уй-жойлар текширилади. Агар сув сифати ташқи тармоқлар таъсири билан ўзгаргани тасдиқланса, белгиланган тартибда тўловларни қайта ҳисоблаш масаласи кўриб чиқилади.
Қайта ҳисоб-китоб учун асос – истеъмолчи ва компания вакили томонидан биргаликда тузилган далолатнома, унда аниқланган оғишлар ва уларнинг давомийлиги қайд этилади.
Далолатнома имзолангач, у маҳаллий бошқармага топширилади ва шу асосда ҳисоб-китоб қайта амалга оширилади”, – дейилади таъминотчининг расмий ахборотида.
Мавзуга оид
08:41
Тошкентда 115-сонли автобус йўналиши янгиланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
18:21 / 03.12.2025
Тошкентда тирбандликни камайтириш мақсадида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази очилади
11:34 / 03.12.2025