Жаҳон | 10:17 / 28.10.2025
1454
2 дақиқада ўқилади

Францияда кабелга ўт қўйилиши темирйўл қатновининг бузилишига олиб келди

Марсел ва Париж орасидаги йўналишда қасддан кабел ёқиб юборилиши туфайли Францияда тахминан юзта тезюрар поезд ҳаракати издан чиқди. 70 000 йўловчи зарар кўрди. Тиклаш ишлари давом этмоқда.

Фото: Reuters

Франциянинг жануби-шарқида, Валанс шаҳри яқинида темирйўл кабелига ўт қўйилиши натижасида, душанба, 27 октябрь куни тахминан юзта тезюрар поезд ҳаракати тўхтатилди. Бу «қасддан қилинган ҳаракат», деб таъкидлади Франция транспорт вазири Филипп Табаро ижтимоий тармоқларда.

Ҳодиса Франциянинг энг гавжум темирйўл тармоғи — Париж ва Марселни боғлайдиган йўлда поездлар ҳаракатининг бузилишига сабаб бўлди. SNCF Франция темирйўл компанияси маълумотига кўра, узунлиги 25 метр бўлган қисмда ҳозир 16 та кабелни алмаштириш керак. Доимий қатнов 28 октябр тонгидан эрта тикланмайди, деб кутилмоқда.

Табаро таъкидлашича, ҳодисадан тахминан 70 000 йўловчи жабр кўрган. «Узунлиги 28 000 километр бўлган темирйўл тармоғимизда диверсиялар ва кабел ўғирланишига қарши кураш жиддий муаммо бўлиб қолмоқда», — деди у X микроблогида.

Хабар чоп этилган пайтга қадар кабелларни ёқиб юбориш учун ким жавобгар бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Ҳодисадан сўнг Париждаги Лион вокзалида Марселга кетиши керак бўлган бекор қилинган поездлар учун чиптани қайтаришни истаганлар навбатлари ҳосил бўлди.

Францияда охирги ойларда поездлар ҳаракатидаги узилишлар биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Жумладан, июн ойида мамлакатнинг шимолида кабел ўғирланиши Париж ва Лондон ўртасидаги Eurostar поездлари ҳаракатини бир неча кунга издан чиқарган эди.

Март ойида эса Париж атрофида Иккинчи жаҳон уруши даврига тегишли 500 килограммли бомба топилиши ортидан минглаб йўловчилар пойтахтда қолиб кетганди.

Германияда ҳам охирги ойларда бир неча бор кабелларни ёқиб юбoриш ва темирйўл инфратузилмасига бошқа зарар етказиш ҳолатлари қайд этилди, бу эса узоқ масофага ҳаракатланувчи поездлар қатновида катта кўламли узилишларга олиб келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид