Украина АҚШ билан Patriot ҳаво мудофааси тизимлари учун ҳар ой ракеталар етказиб бериш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Белградда Сербия президенти Александр Вучич билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.

«Улар бизга ҳар ой ракеталар ажратиб беришадими? Ҳа, бизда бундай келишув бор», — деди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, АҚШ ракетага қарши мудофаа тизимларини ишлаб чиқарувчи сифатида Киевга зарур бўлган ракеталарга эга ва Украина томони уларни етказиб бериш масаласида Вашингтон билан иш олиб бормоқда.

Шу билан бирга, Украина президенти келишилган миқдор Украина ҳаво мудофааси эҳтиёжлари учун етарли бўлмаслигини қайд этди. Унинг айтишича, «2026 йилда бу ракеталар сони камаяди».

Апрел ойида Зеленский Украина ҳаво мудофааси учун ракеталар захираси «исталган ҳафтада» тугаб қолиши мумкинлигини айтганди. Май охирида эса у АҚШдан Киевга Patriot ракеталарини ишлаб чиқариш лицензиясини беришни сўраган.

Июл ойи бошида АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон бундай лицензияни беришга тайёрлигини билдирган. Бироқ август ойида Америка қишга қадар ракеталар ишлаб чиқариш бўйича узоқ муддатли келишув бўлмаслигини маълум қилди.

Шу билан бирга, Трамп АҚШнинг ўзига ҳам Patriot ракеталари зарурлигини ва Украинага қўшимча ўқ-дориларни керакли миқдорда етказиб бериш имкони йўқлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, АҚШ Конгрессида томонлар Киевга Patriot ҳаво мудофааси тизимларини ишлаб чиқариш технологияларини бериш масаласи бўйича маслаҳатлашувлар олиб бораётгани маълум қилинди.