Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва Эрон ўзаро тезкор маълумот алмашишни кучайтиради
Теҳрон шаҳрида, ИҲТга аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирлари йиғилиши доирасида, Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Раҳматуллаев Эрон ички ишлар вазири Искандар Момени билан учрашди. Томонлар хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва тезкор маълумот алмашувини кучайтириш юзасидан келишувга келди.
“Дунё” АА маълумотига кўра, мулоқот аввалида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари охирги пайтларда изчил кенгайиб бораётгани таъкидланди. Суҳбатда терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси, киберхавфсизлик ва миграция билан боғлиқ хатарларга қарши курашишда идоралараро ҳамкорликни институционал даражада мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар вазирликлар ўртасида ташкил этилган хавфсизлик масалалари бўйича қўшма ишчи гуруҳ фаолиятини давом эттиришга келишиб олди. Биринчи учрашув Теҳронда муваффақиятли ўтгани қайд этилар экан, мазкур форматдаги иккинчи йиғилишни жорий йил декабр ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш таклифи кўриб чиқилди.
Учрашув якунида Эрон томони вакилларига Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш таклифи билдирилди. Томонлар тезкор маълумот алмашиш каналларини кенгайтириш, қўшма ўқув-тактик машғулотлар ва тажриба алмашувини йўлга қўйиш бўйича амалий қадамларни ишлаб чиқишга келишди.