Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазо учун халқаро кучлар

АҚШ — БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бир неча аъзоларига Ғазо учун камида икки йил давом этадиган халқаро куч тузиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини юборди. Бу ҳақда ҳужжат нусхасига таяниб Оқ уйга яқин Axios нашри ёзмоқда.

«Махсус, лекин махфий эмас» белгиси билан тарқатилган ҳужжат АҚШ ва бошқа иштирокчи давлатларга 2027 йил охиригача Ғазони бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича кенг ваколат беради. Ҳужжатда бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкинлиги қайд этилган.

АҚШ расмийси маълум қилишича, резолюция лойиҳаси келгуси кунларда Хавфсизлик кенгаши аъзолари ўртасидаги музокараларга асос бўлади. Мақсад — яқин ҳафталарда резолюцияни овозга қўйиш ва 2026 йил январига қадар Ғазога дастлабки қўшинларни жойлаштириш.

АҚШ расмийси таъкидлашича, «Халқаро хавфсизлик кучи» бу сафар «тинчликпарвар куч» эмас, балки «мажбурий ижро кучи» бўлади.

ISF бир нечта давлатлар ҳарбийларини ўз ичига олади ва АҚШ президенти Доналд Трамп раислик қиладиган «Тинчлик кенгаши» билан ҳамкорликда ташкил этилади. Лойиҳада Кенгаш камида 2027 йил охиригача фаолият юритиши назарда тутилган.

Резолюция лойиҳасига кўра, халқаро кучлар — Ғазонинг Исроил ва Миср билан чегараларини қўриқлаш, фуқаролар ва ҳуманитар йўлакларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ҳамасни қуролсизлантириш ва Ғазода янги полицияни тайёрлаш каби вазифаларни бажаради.

Axios маълумотига кўра, Индонезия, Озарбойжон, Миср ва Туркия ўз қўшинларини юборишга тайёрлик билдирган. Кучларнинг ташкил этилиши ва фаолияти «Миср ва Исроил билан яқин маслаҳатлашув ҳамда ҳамкорликда» амалга оширилади.

Россия–Украина уруши

Bloomberg манбаларига кўра, шу кунларда Буюк Британия Украинага яна бир нечта «Storm Shadow» ракеталарини топширган. Бу Киевга Россия ҳудудига узоқ масофали зарбалар кампаниясини давом эттириш имконини беради.

Киевга аниқ қанча ракета етказилгани маълум эмас, аммо янги етказиб беришлар Украинани бутун қиш мавсумида таъминлаш учун мўлжалланган. Лондон бу даврда Россия ҳужумларини кучайтиришидан хавотирда.