Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ сенатори Марказий Осиё учун Жексон-Вэник қонунини бекор қилишни таклиф этди
Сенатор Жеймс Риш C5+1 форматидаги давлатлар билан иқтисодий ҳамкорликдаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси Конгрессга киритилганини маълум қилди.
Фото: U.S. Department of State
АҚШ Марказий Осиё давлатларига мустақиллик ва ўз келажагини белгилаш имкониятини сақлаб қолишда ёрдам беришга интилади. Бу ҳақда 5 ноябрь куни C5+1 (Марказий Осиё + АҚШ) дипломатик платформасининг ўн йиллигига бағишланган тадбирда республикачи сенатор, АҚШ Сенатининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси Жеймс Риш маълум қилди.
«Бугун бу ерга йиғилган етакчилар мураккаб геосиёсий муҳитда жойлашган давлатлар вакилларидир. Биз буни тушунамиз. Сизлар қудратли мамлакатлар ўртасида қолган буюк миллатларсиз. Бугунги учрашув ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш ва мамлакатларингиз тақдирини белгилашингизни таъминлаш учун имкониятдир», деди сенатор.
Риш сўзларига кўра, АҚШ Россия ва Хитой таъсирига муқобил вариантни таклиф қилишга тайёр:
«Беқарор Россия ва тобора тажовузкор бўлиб бораётган Хитой ўз миллий манфаатларини бутун дунё бўйлаб, кўпинча қўшнилари ҳисобидан илгари сураётган бир пайтда, Қўшма Штатлар Марказий Осиё мамлакатларига ишончли ҳамкорлик ва ўзаро иқтисодий ривожланиш учун ҳақиқий имкониятни таклиф қилмоқда».
Сенатор, шунингдек, Конгрессга C5+1 форматидаги ҳамкорлар билан иқтисодий ҳамкорлигидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси киритилганини маълум қилди:
«Ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаш мақсадида мен, сенатор Стив Дейнс ва ҳамкасбларим билан биргаликда C5+1 форматидаги ҳамкорларимиз билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги эскирган тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳасини тақдим этдим. Гап Жексон-Вэник қонуни чекловларини бекор қилиш ҳақида кетмоқда».
У ташаббус C5+1 платформасининг ўн йиллигида тақдим этилгани ва «мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги, жадал даврини» очишга қаратилгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.
C5+1 платформаси АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни бирлаштиради. У 2015 йилда сиёсий, иқтисодий ва минтақавий ҳамкорлик формати сифатида ташкил этилган. Навбатдаги саммит 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтади.
Жексон-Вэник қонуни (тузатиши) — 1974 йилда АҚШ Савдо тўғрисидаги қонунига киритилган тузатиш бўлиб, улар эмиграцияга тўсиқ қўювчи ва бошқа инсон ҳуқуқларини бузувчи давлатлар билан савдони чеклашни назарда тутади. Бунга, хусусан, Қўшма Штатларга импорт қилинадиган товарларга бож ва йиғимларнинг оширилиши, шунингдек, давлат кредитлари ва кредит кафолатларини тақдим этишни тақиқлаш киради.
СССР парчаланганидан сўнг, қонун автоматик равишда барча МДҲ мамлакатларига тааллуқли бўлди. Кейинчалик, АҚШ баъзи давлатларни унинг таъсиридан чиқарди: Россия, Украина, Қирғизистон, Арманистон, Грузия, Латвия, Литва, Эстония. Бироқ, Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари - Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон - чекловлар остида қолмоқда.
Мавзуга оид
14:35 / 05.12.2025
АҚШ «Лукойл»га жорий этилган айрим санкцияларни вақтинча бекор қилди
09:40 / 05.12.2025
NYT ОАВ учун жорий этилган чекловлар сабаб Пентагонни судга берди
09:00 / 05.12.2025
НАТО Шимолий Европа мудофааси бўйича штабни АҚШга кўчиради
08:40 / 05.12.2025