Вашингтонда бўлиб ўтган мулоқотда икки томонлама ҳамкорликда эришилган мисли кўрилмаган даража алоҳида қайд этилди. Таъкидланишича, ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсмоқда, АҚШнинг етакчи компаниялари билан қўшма кооперация лойиҳалари сони ортиб бормоқда. Кейинги ойларда рекорд қийматдаги келишув ва шартномалар имзоланган, ушбу ташриф давомида ҳам янги иқтисодий ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Улар ижросини таъминлашда АҚШ Конгрессининг қўллаб-қувватлови муҳим экани таъкидланди.

Президент парламентлараро ҳамкорликка, хусусан, Сенатдаги Марказий Осиё бўйича кокус фаолиятига юқори баҳо берди. Учрашувда ҳудудлараро алоқалар масаласига ҳам эътибор қаратилди: сенатор Дэйнс вакиллик қилаётган Монтана штати билан амалий шерикликни давом эттириш, штат ишбилармонлари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.