Чемпионлар Лигаси асосий босқичида қатнашувчи жамоалар номи маълум бўлгач, Ўзбекистондаги мухлислар икки клубга нисбатан алоҳида эътибор қаратди – «Қайрат» ва «Қорабоғ». Қардошларимизнинг Европанинг энг нуфузли турнирида, энг кучли жамоаларга қарши ўйини табиийки, ўзбек мухлислари учун ҳам ўзига хос воқеа, зеро улар орқали биз ҳам ўзимизни билвосита катта футбол билан солиштириш имкониятига эга бўламиз.

Биринчи турдаёқ «Қорабоғ» сафарда «Бенфика» устидан ғалаба қозониб, шов-шув кўтарди. Иккинчи турда «Копенҳаген» ҳам мағлуб этилгач, дастлабки натижани тасодифга йўйган мухлислар ҳам жамоа имкониятларини чамалаб, кейинги рақибларга қизиқа бошлашди. Кеча эса «Қорабоғ» турнирда Озарбойжонга ташриф буюрадиган энг номдор рақиби «Челси»га қарши ўйинда очко олишга муваффақ бўлди (2:2).

Айни дамда «Қорабоғ» 7 очкога эга ва ушбу босқичда яна 4 та ўйин ўтказади. Ўз майдонида «Аякс» ва «Айнтрахт», сафарда «Наполи» ва «Ливерпул»га қарши ўйинларда тахминан 4-5 очко олса, жамоа тарихида илк бор Чемпионлар Лигаси плей-оффга чиқиши мумкин.

Албатта, клуб бу даражага тасодиф билан келмади. Жамоа пойдевори қарийб 17 йиллик тарихга эга ва асосий архитектор сифатида жамоа бош мураббийи Гурбан Гурбановни айтиш лозим. Қуйида у ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Фото: Gualter Fatia/Getty Images

Гурбан Усмонўғли Гурбанов 1972 йилнинг 13 апрелида туғилган. Унинг футболчи сифатидаги фаолияти ҳам ёмон кечмаган. У «Нефтчи», «Турон» ва Озарбойжоннинг яна бир қатор клублари, шунингдек, Россияда «Факел», «Балтика», «Динамо» Ставропол ҳамда «Волгар Газпром» клубларида тўп сурган. 1992-2005 йиллар оралиғида миллий жамоа сафида 68 ўйинда майдонга тушиб, 14 гол (2-ўрин) муаллифи бўлган. Лекин уни жароҳатлар кўп қийнарди. 33 ёшида жиддий шикастланади ва Бокунинг «Интер» жамоаси сафида футболчилик фаолиятини тугатади.

У дарҳол клуб бошқарув тизимида иш бошлайди ва спорт директори этиб тайинланди. Аммо кўп вақт ўтмай «Нефтчи» уни бош мураббий вазифасига таклиф қилади.

«Жамоани мураббий сифатида тайёрлаш футбол ўйнашдан қийинроқ. Клуб раҳбариятининг ишончи менга ёрдам беради, шунингдек, ажойиб жамоа шаклланган. Аминманки, «Нефтчи» ушбу мавсумда доимий юқори ўринлардан пастламайди, мақсадимиз эса ўзгармайди – мамлакат чемпионатини ютиш», – деганди илк матбуот анжуманларидан бирида Гурбан Гурбанов.

Илк мавсумда «Нефтчи» иккинчи ўринни олди ва УЕФА кубогига йўлланмани қўлга киритди. Аммо кейинги 2007/08 йиллар мавсуми жамоа учун ёмон бошланади. 4 турдан кейиноқ Гурбанов истеъфо беради ва уни мураббийликдан спорт директорлигига ўтказишади. Аммо бу сафар ҳам унинг офисдаги ишлари узоққа чўзилмайди. 2008 йилнинг августида «Қорабоғ» Гурбановни ўзига чорлайди.