Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Озарбойжонга ташриф буюриб, Илҳом Алиев билан музокаралар ўтказди ҳамда Қорабоғни Озарбойжоннинг ажралмас қисми деб атади. Доим ҳам илиқ бўлмаган икки давлат муносабатларида бурилиш юз бериши мумкин. Пизишкиённинг илк хорижий ташрифларини Марказий Осиё ва Кавказга йўналтириши — Теҳроннинг минтақавий куч мувозанатидаги ўрнини қайта белгилашга уриниш бўлиши мумкин. Бокудаги учрашувда Эрон раҳбарияти Исроил ва Арманистон масаласидаги анъанавий риторикасидан ҳам тийилди. “Геосиёсат” дастурида мавзу юзасидан озарбойжонлик сиёсатшунос Самир Ҳумбатов ва профессор Фарҳод Каримов фикр билдирди.
Дастлаб мавзуга содда ва умумий назар ташласак, Пизишкиён Бокуга нега борди, томонлар бир бирига нималарни таклиф қилишди?
Фарҳод Каримов: Масъуд Пизишкиён Россияга борганда ҳам айнан транспорт-логистика масалаларини муҳокама қилган эди.
Озарбойжонга сафар ҳам Эроннинг иқтисодий зўриқишларини юмшатиш ва шу мақсадда Боку билан маълум даражада келишувларга эришиш эди.
Расмий Теҳрон учун “Шимол жануб транспорт йўлаги” жуда муҳим. Озарбойжон билан айнан ушбу масалани ҳал қилиш керак эди. Ундан ташқари узоқ йиллардан буён аросатда қолаётган “Решт-Астара темирйўл” чизиғини охиригача етказиш масаласи бор, чунки бу темирйўлак бўғини айнан Озарбойжон ҳудудидан ўтади.
Эрон ҳозирги кунда ўзининг геосиёсий амбицияларини четга суриб, асосий иқтисодий масалаларни ҳал қилишга киришди. Шунга ҳам олдинги ҳеч қайси бир Эрон раҳбарлари эълон қилмаган гапларини эшитдик. У ҳам бўлса, Қорабоғ масаласида доимий эҳтиёткор бўлган Эрон президенти матбуотга берган интервюсида Озарбойжон Қорабоғнинг ҳуқуқий эгаси эканини тан олди ва бу борада ўз позициясини билдирди.
Озарбойжонга қилинган ташриф Эрон учун асосан иқтисодий ҳамкорлик ва иқтисодий масалани ҳал қилишга қаратилган экан, Теҳрон Бокуга нима қилди деган савол ҳам бор. Биринчи навбатда муаммоли бўлган “Арас коридори” масаласини таклиф қилди. Биламизки, Озарбойжон Наҳичивонга чиқадиган йўлда ўртада бир қатор Эрон орқали ўтадиган нуқталар бор эди.
Бундан ташқари бу музокараларда медицина, фармацевтика ва ўша Эронни қийнаётган ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий алоқалар билан боғлиқлиги бўлган масалаларни Озарбойжон орқали ҳал қилиш ва минтақада геосиёсий вазиятнинг ўзгарганини, минтақада Туркиянинг таъсири ошиши сабаб Озарбойжон орқали мулоқот масаласини ҳам қўйди. Асосий мақсади бугун геосиёсий амбициялар эмас, фақатгина иқтисодий ҳамкорлик сезилди.








