Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия мудофаа вазири Бундесверда кескин ислоҳотни бошлайди
Германия қуролли кучларини ислоҳ қилиш 2026 йил баҳоригача якунланиши режалаштирилган. Янгиликлар кадрлар, моддий-техника таъминоти ва Бундесвер стратегиясига тааллуқли бўлади.
Фото: Sebastian Gollnow/dpa/picture alliance
Германия мудофаа вазири Борис Писториус (Boris Pistorius) мамлакат қуролли кучлари — Бундесверда кенг кўламли ислоҳот эълон қилди ва қўл остидагиларни муҳим қарорларни дадил қабул қилишга чақирди. «Агар ҳар ким фақат кичик бир бўлакка жавобгар бўлса, охир-оқибат ҳеч ким жавобгар бўлиб чиқмайди», — деди Писториус 7 ноябр куни Берлинда Бундесвер қўмондонлари йиғилишида сўзлар экан.
Унинг баҳолашича, Украинадаги уруш Россиянинг экспансионистик интилишларининг чеки эмас. Москва «янги урушга ҳозирланмоқда», шу боис Бундесвер янада ҳаракатчан бўлиши керак, деди сиёсатчи. Германия қуролли кучлари ислоҳотининг асосий қисми 2026 йил баҳоригача якунланиши лозим. Писториуснинг таъкидлашича, ислоҳотнинг асосий моҳияти кадрлар сиёсати, моддий-техника таъминоти ва инфратузилмани ўзгартиришдан иборат, мақсад — қисқа муддатда шахсий таркиб сонини ошириш ва Россия таҳдиди шароитида Германия армиясини жанговар ҳолатга келтириш.
Жорий ислоҳот доирасида захирада ҳисобланувчи ҳарбийлар муҳим ўрин тутади. «Жанговар қобилиятга эга захирасиз Германия ўзини ҳимоя қила олмайди», — деб огоҳлантирди Писториус. Унинг таъкидича, резервчилар «Бундесверга қўшимча ёрдамчи ёки ўйинчоқ эмас, балки қуролли кучларнинг бир қисми». Шу билан бирга у барча ҳарбийларга хизмат муддатини узайтиришга розилик билдириш тўғрисида шахсан мурожаат қилиш ниятини маълум қилди.
Кадрлар ислоҳоти доирасида ГФР қуролли кучлари шахсий таркиби ҳозирги 182 минг аскар ва офицердан, резервчиларни ҳам ҳисобга олган ҳолда, 2030-йиллар ўрталарига бориб тахминан 460 минг нафаргача кўпайтирилиши режалаштирилган.
2026 йил майига қадар Кобленцда жойлашган моддий-техника таъминоти бўйича федерал харидлар идорасини қайта тузиш концепцияси тайёрланиши керак. Унинг мақсади — кескин ошган буюртмалар ҳажмига етарлича жавоб бериш, инновацияларни рағбатлантириш ва саноат билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Бунинг учун идора қўшимча филиаллар очишни режалаштирмоқда.
«Менинг вазифам — ушбу ўн йиллик охиригача Германияда НАТО мақсадларига жавоб берадиган, Германиянинг оператив режасини бажарадиган ва шарқий қанотда сезиларли ҳамда самарали тийиб турувчи омилга айланадиган, жанговар қобилиятли, бардошли ва рақамли технологиялар билан бирлаштирилган қуролли кучларга эга бўлишдир», — деди Борис Писториус.
Мавзуга оид
11:47
Сўров: немислар ҳукумат ва пенсия тизимидан норози
08:40
Мерц АҚШга Россиянинг музлатилган активларини беришга қарши чиқди
16:30 / 04.12.2025
Берлин Украинага қурол-яроғ ёрдамини 200 млн долларга оширади
16:43 / 03.12.2025