Сўнгги пайтларда долларнинг сўмга нисбатан курси ҳаммани ҳайрон қолдиряпти. Тўғри-да, ўзбекистонликлар умри бино бўлиб ҳали бунақасини кўрмаган. Июн ойи бошида 12 800 сўм бўлган курс, орадан 6 ой ўтиб, 12 минг сўмдан пастга тушди. Бу – кўпчиликни ўйлантириши табиий, чунки мамлакатдаги аксарият йирик олди-сотдилар долларда амалга оширилади.
Долларда пул жамғариш қанчалик фойдали?
Ўзбекистонда уй ёки машина каби каттароқ қийматдаги савдоларда ҳисоб-китоблар долларда амалга оширилиши ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто телефон харид қилмоқчи бўлсангиз ҳам, қурилма Америка валютасида нархланади. Шунга монанд тарзда, аксарият ўзбекистонликлар миллий валютада даромад топса-да, ортиқча пулини тезда доллар қилишга ва жамғариб боришга одатланган. Бу усул қисман инфляциядан ҳимоя қилади, лекин даромад келтирмайди.
Охирги йиллардаги тенденцияга қарайдиган бўлсак, сўм долларга нисбатан 2021 йилда (10 476/10 837) 3,4 фоизга, 2022 йилда (10 837/11 225) 3,6 фоизга, 2023 йилда (11 225/12 338) 9,9 фоизга, 2024 йилда эса (12 338/12 920) 4,7 фоизга ўз қийматини йўқотган. 2025 йил бошидан 7 ноябргача бўлган даврда миллий валюта долларга нисбатан 7 фоизга мустаҳкамланди.
2021 йил бошидан бери сўм АҚШ валютасига нисбатан умумий ҳисобда 14,6 фоизга қадрсизланган. Бу даврда Ўзбекистондаги инфляция даражаси 54 фоизни ташкил этган. Яъни 2021 йилнинг бошида 40 минг доллар пулни сандиққа солиб қўйган Тошмат айни пайтда ўз жамғармасининг реал қийматларда сезиларли қисмини йўқотди.
Бошқа бир мисол келтирамиз. Тошмат 2021 йилда 40 минг долларга 2 хонали квартира харид қилди ва ҳозир кўчмас мулкни 55 минг долларга сотяпти. Бу ерда ҳам у реал қийматда 15 минг доллар фойда кўрмайди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда долларнинг йиллик ўртача курси 10 609 сўм бўлган. Бунда 40 минг доллар 424 млн 360 минг сўмни ташкил этади. 2021 йилнинг ўртасидан 2025 йилнинг сентябр ойи якунигача тўпланган инфляция даражаси 48 фоизни ташкил этган ҳолда, 424 млн 360 минг сўмга харид қилиш мумкин бўлган маҳсулотларнинг қиймати 629 млн 448 минг сўмга етган. Бу 52 минг 432 долларга тенг.








