Бу инсон дунёнинг энг машҳур инсонларидан бири. У одам ўлдирган, кўплаб гуноҳлар қилган, ҳирс ва манманликка берилган. Лекин айнан шу одамни инсоният “виждон муҳандиси” деб атайди. Бу – Лев Толстой. Унинг “Иқрорнома”си эса инсоннинг ўз қалби билан суҳбати. Бугун “5 дақиқа”да шу асарни муҳокама қиламиз.

Иқрорнома” – бир инсоннинг ўз виждони олдидаги эътирофи, бутун инсоният учун маънавий огоҳлик. Толстой бу асарни эллик ёшидан кейин, энг навқирон пайтида ёзган. Бу ёшда одам одатда ортга қараб фахр билан “мен нималар қилдим?” дейди. Толстой эса аксинча, “мен нима қилмадим?” деб ёзади. У ўтган умрига қарайди ва ундан маъно излайди. Бу изланиш уни жаҳоннинг энг чуқур фалсафий асарларидан бирини яратишга етаклайди.

Асар сюжети аслида ёзувчининг ўз ҳаёти босқичларига қурилган. Болаликда у диндор муҳитда ўсади, лекин ўсмирликка етганда ўргатилган барча эътиқодларга шубҳа билан қарай бошлайди. Уни илм, маданият ва тараққиёт қизиқтиради. Унинг атрофидагилар “илмни биладиган”, “ҳақиқий замонавий одам” деб таърифлайди, аммо Толстойнинг қалбида бўшлиқ бор эди. У бой, шуҳратли, машҳур, аммо ички хотиржамлик йўқ эди.

“Мен қилмаган гуноҳ қолмади”

Толстой ўзининг жиноятларини – одам ўлдирганини, мужикларни қартада бой берганини, ҳирс ва манманликка берилганини очиқ тан олади. Бу иқрор ўқувчини ҳайратда қолдиради: “Бу ҳақиқатан ҳам улуғ Толстойми?” деб ўйлайди киши. Аммо айнан шу самимият, ўзини шафқатсиз танқид қилиш орқали Толстой инсонни англашнинг олий нуқтасига чиқади.

У ўз ҳаётини цензурасиз таҳлил қилиб, “мен қилмаган жиноят қолмади”, дейди. Аммо шунда англайди: ҳақиқий ёмонлик қилмишнинг ўзида эмас, балки уни ёмон деб билиб ҳам қилишдадир.

Мутолаа давомида ўзингизга оғриқли саволларни бера бошлайсиз: “Нима учун яшаяпман?”, “Яшашнинг маъноси нимада?”, “Бойлик, шон-шуҳрат, илм – булар нима учун керак?”. Бу саволлар нафақат XIX аср Толстойини, балки бугунги инсонни ҳам қийнайди.

Руҳий бўшлиқдан ёруғлик сари йўл

Толстойнинг фалсафий йўли “динсизлик”дан “руҳий эҳтиёж”га қараб боради. У атеизм, рационал фикр ва илмий назарияларни синовдан ўтказади, аммо уларнинг ҳеч бири унга енгиллик бермайди. У бир пайтлар “инсоннинг мақсади – тараққий этиш” деб ўйлаган бўлса, кейин тушунади: тараққий деб аталган иллат ортида ҳам ҳирс ва манманлик ётади. У шундай хулосага келади – ҳаётнинг ҳақиқий маъноси фақат