Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина дронлари Россиянинг икки вилоятидаги подстанцияларга ҳужум қилди
Украина Қуролли кучларининг дронлари 8 ноябр куни Волгоград ва Вологда вилоятларидаги энергетик подстанцияларга зарбалар берди, деб хабар берди минтақавий ҳокимиятлар. Волгоград вилоятида ҳужумлар натижасида бир нечта аҳоли пунктлари электр таъминотисиз қолган. Бошқа оқибатлар ҳозирча очиқланмаган.
Фото: Hanna Sokolova-Stekh/DW
Вологда вилоятида маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, ўрнатилган қуввати 3 гигаволт-ампер бўлган “Белозерская” подстанциясига ҳужум қилинган. У ҳудуддаги энг йирик таъминот маркази ҳисобланади ва Вологда, Череповец ҳамда яқиндаги саноат корхоналарини электр билан таъминлайди.
Волгоград вилоятида ҳужум нишони 1523 мегаволт-ампер қувватга эга “Балашовская ЛЭП” подстанцияси бўлди. У Волжская ГЭСдан Россиянинг марказий минтақаларига электр энергиясини узатишни таъминлайди ва расмийларга кўра, охирги бир ой ичида иккинчи марта ҳужумга учради.
“Қурилиш-таъмирлаш хизматлари ‘Балашовская ЛЭП’ подстанциясига туташ аҳоли пунктларида — Киквидзен, Урюпин, Новониколаев ва Новоаннин туманларида электр таъминотини тикламоқда”, — деб ёзди Волгоград вилояти губернатори Андрей Бочаров Telegram’да.
Сўнгги ҳафталарда Украина энергетика объектларига Россиянинг дронлар ва ракеталар билан амалга ошираётган узлуксиз ҳужумларига жавобан, РФ ҳудудидаги энергетик инфратузилмага зарбаларни кучайтирди. Бу Украина президенти Володимир Зеленскийнинг украин ракеталаридан фойдаланиб ҳужумлар географиясини кенгайтириш нияти ҳақидаги баёнотидан кейингa тўғри келди. Бироқ, сўнгги ҳужумларда ракеталар ишлатилган-ишлатилмагани номаълум.
Саратов шаҳрида, губернатор Роман Бусаргин маълумотига кўра, дрон ҳужуми оқибатида кўп қаватли уй ва бир нечта автомобил зарар кўрган. Икки киши ўрта даражада жароҳат олган.
Россия Мудофаа вазирлиги эрталаб мамлакатнинг етти минтақаси устида 82 та украин дрони тутиб олинганини хабар қилди. Вологда вилояти ушбу минтақалар қаторида тилга олинмади. Нечта дрон нишонга урилгани маълум қилинмаган.