Аш-Шаръанинг Вашингтонга келиши том маънода тарихий – Сурия президентларидан ҳеч бири илгари АҚШга расмий ташриф билан бормаган.

Охирги марта юқори мартабали суриялик амалдор Оқ уйга 1999 йил декабрида ташриф буюрган. Бу Сурия ташқи ишлар вазири Фаруқ аш-Шаръа бўлиб, ўшанда у Исроил билан тинчлик музокараларида иштирок этганди.

Кейинги чорак аср давомида мамлакат фуқаролар уруши, қатағонлар ва халқаро изоляция билан Асадлар ҳукмронлигидан тузум қулашигача бўлган йўлни босиб ўтди. Дамашқ «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» кучлари томонидан қўлга олиниб, Асад Москвага қочиб кетганидан сўнг, Суриянинг муваққат раҳбари ва «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» раҳбари Аҳмад аш-Шаръа узоқ йиллар давомида Дамашқ билан алоқани узган давлатлар билан муносабатларни тиклашга ҳаракат қилмоқда.

Аш-Шаръанинг Вашингтонга расмий ташрифи арафасида БМТ Хавфсизлик кенгаши уни, шунингдек, мамлакат Ички ишлар вазирлиги раҳбари Анас Хаттобни ўз санкциялар рўйхатидан чиқариб ташлади. Шаръа 2014 йилдан бери ҲТШ (бу гуруҳ ўтмишда «Ал-Қоида»нинг Суриядаги қаноти эди) аъзоси сифатида БМТ санкциялари остида бўлган.

«Ушбу ҳужжат қабул қилиниши билан кенгаш Сурия янги даврга қадам қўяётганини тан олувчи кучли сиёсий сигнал юборади», – деган овоз беришдан кейин АҚШнинг БМТдаги элчиси Майк Уолц.

Reuters агентлиги ёзишича, Вашингтон бир неча ой давомида Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосини аш-Шаръага қарши санкцияларни бекор қилишга ундаб келган. Тегишли резолюция ишлаб чиқилиб, АҚШ дипломатлари томонидан овозга қўйилган. Ўтган йил декабр ойида АҚШ аш-Шаръани ҳибсга олишга ёрдам бергани учун 10 млн доллар миқдоридаги мукофот таклифини қайтариб олганди.

Вашингтон ва биринчи навбатда президент Доналд Трамп мамлакат етакчисига айланган собиқ жангарини очиқчасига қўллаб-қувватламоқда (АҚШ президенти аввалига Сурияда ҳокимият алмашишига бошқача муносабатда бўлганди).

«Ёш, келишган йигит, бақувват йигит. Қатъий характерли, жуда қатъий – жангчи. Унда вазиятни назорат остида ушлаб туриш учун барча имкониятлар бор», – деганди Доналд Трамп Air Force One бортида журналистларга май ойида Ар-Риёдда аш-Шаръа билан биринчи қисқа учрашувидан кейин.

Ўшанда Оқ уй раҳбари Суриядан санкцияларнинг бир қисми олиб ташланганини маълум қилганди.

«Президент Яқин Шарқда бўлганида, Сурияга тинчлик учун ҳақиқий имконият бериш учун у санкцияларни бекор қилиш бўйича тарихий қарор қабул қилди ва ўйлайманки, маъмурият (АҚШ президенти) уларнинг янги раҳбарлиги остида бу жабҳада яхши тараққиётни кўрмоқда», – деди Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт Сурия муваққат президентининг Вашингтонга бўлажак ташрифига изоҳ бераркан.