Жаҳон | 10:26 / 11.11.2025
3038
6 дақиқада ўқилади

“Эрон учун ядро дастури ҳаёт-мамот масаласи” — сиёсатшунос

Эрон ва АҚШ ўртасидаги ядро музокаралари яна боши берк кўчага кириб қолган кўринади. Теҳрон ўз дастурини миллий суверенитет ва хавфсизлик масаласи деб билса, Ғарб уни глобал таҳдид сифатида кўради. Исроил омили эса музокаралар марказида бўлиши табиий. Эрон ядро дастури атрофидаги вазият Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида муҳокама қилинди.

Азиз Файзуллаев: Айни шароитда музокаралар олиб бориш деярли имконсиз. Шу сабабли ҳозирча бу йўлда бирор ижобий силжиш кўринмаяпти. Ғарбнинг Эрон ядро дастури бўйича илгари сураётган талаблари эса, Эрон ҳукумати таъбири билан айтганда, бажарилиши мумкин бўлмаган даражада оғир. 4 ноябр куни Эронда АҚШ элчихонасининг 1979 йилда босиб олиниши ҳодисаси эсга олинди, бу йил унинг 46 йиллиги нишонланди. Тадбирда Эрон олий раҳнамоси АҚШнинг “такаббурона сиёсати”ни танқид қилиб, бу йўналишда келишув имконсизлигини билдирган эди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи баёнотларига кўра, АҚШ ҳозир Эрон ядро дастурини тўлиқ “музлатиш”ни талаб қилмоқда. Эрон ҳукумати эса бу талабни мамлакат манфаатларига зид, бажариб бўлмас шарт сифатида баҳоламоқда. Ядро дастури Эрон учун маълум маънода ҳаёт-мамот масаласига айланган. 2003 йилда Ироқда ҳокимият ўзгаргач, АҚШ қўшинларининг минтақага кириши фонида Эрон ядро салоҳияти Исроилга нисбатан ягона мувозанат унсури бўлиб қолди. Шу сабабли Теҳрон ўз дастуридан воз кечмоқчи эмас. Ғарб эса кескин ён беришни талаб қилмоқда, бу эса музокаралар йўлини янада торайтирмоқда. 8 ноябр куни “The New York Times” газетасида эълон қилинган мақолада Эрон ядро имкониятлари ҳақида сўнгги таҳлиллар берилди. Унга кўра, Халқаро атом энергияси агентлиги (MAGATE) ҳозир Эрон объектларида деярли назорат олиб боролмаяпти. Шу боис Эроннинг ҳозирги бойитиш салоҳиятини аниқ баҳолаш қийин. Мақолада таъкидланишича, гарчи ядро дастурига талафот бўлса-да, Эрон ядро дастури бор-йўғи бир ёки икки йилга орқага сурилган холос. 2015 йилда Эрон ва АҚШ ўртасида ҳеч қандай ҳарбий тўқнашувсиз, фақат дипломатик йўл билан эришилган ядро келишуви натижалари билан солиштирганда Вашингтон учун жиддий йўқотиш. Шунингдек, Ғарб, АҚШ ва Исроилнинг 2025 йил июн ойидаги Эрон объектларига қаратилган ҳужумлари Теҳронни янги келишувларни имзоламасликка ундади. Ҳозир Ғарб экспертлари ва таҳлилий марказларига кўра, агар Эрон хоҳласа, у 20 кун ичида битта, 6 ой ичида эса 10–11 та ядро қуролини яратиш имконига эга. Уларнинг ҳисобича, Эроннинг ҳозирги уран захираси 400–450 килограммдан ортиқ.

Шавкат Икрамов: Эрон учун ядро қуролига эга бўлиш масаласи, бу мамлакат учун сиёсий барқарорлик ва миллий хавфсизлик кафолатидир. Эрон қадимий давлатчилик анъаналарига эга бўлган буюк давлат бўлиб, унинг сиёсий элиталари минтақадаги жараёнларни чуқур таҳлил қила оладиган тажрибага эга. 1979 йилдан кейинги инқилобдан сўнг Эрон Яқин Шарқдаги воқеаларни диққат билан кузатиб борди ва шундай хулосага келди: Исроилга қарши туриш ёки унга ҳарбий жиҳатдан мувозанат яратишга уринган ҳар қандай давлат ичкаридан беқарорлаштирилади. Бундай ҳолатларда аввал инқироз, сўнгра хаос юзага келади, шундан кейин эса халқаро кучлар аралашади — натижада Исроил манфаатларига мос сиёсий элита ҳокимиятга олиб келинади. Бу сценарийлар Ироқ, Сурия, Ливия ва қисман Мисрда такрорланди. Ироққа “ядро қуролини ишлаб чиқмоқда” деган даъво билан ҳарбий аралашув амалга оширилди, натижада Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилди ва Ироқ бугунги кунда инқироз ичида қолди. Худди шундай, Ливияда “диктаторлик” айбловлари билан Муаммар Қаззофий ағдарилди ва мамлакат хаосга юз тутди. Сурияда ҳам Исроил билан музокараларга тайёр турган ҳукумат алмаштирилди. Эрон бу воқеалардан аниқ хулоса чиқарган: ядро қуролига эга бўлмаган мамлакат минтақавий босимга бардош бера олмайди. Шунинг учун Теҳрон учун ядро дастури бугун ҳаёт-мамот масаласига айланган. Эрон раҳбарияти яхши биладики, агар мамлакат ҳарбий жиҳатдан етарли қудратга эга бўлмаса, Ироқ ёки Ливиянинг тақдири уни ҳам кутиши мумкин. Шу сабабли АҚШ ва Исроилнинг Эрон ядровий объектларига зарба бериш ёки қисқа муддатли уруш ўтказиш режаси Эронни қўрқитмайди. Чунки бу давлатда ядро технологиялари бўйича шаклланган илмий мактаб аллақачон мустаҳкам. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бошқа давлатлар йиллар давомида яратадиган қурол тизимларини Эрон бир неча ой ичида ишлаб чиқиш салоҳиятига эга.

Эроннинг кучли интеллектуал потенциали, техник салоҳияти ва табиий бойликлари бунга имкон беради. У ядро қуролини яратиш учун ташқи манбаларга қарам эмас — барча зарур ресурслар мамлакатнинг ўзида мавжуд. Шу сабабдан Эроннинг ядровий дастурини йўқ қилишга қаратилган ҳар қандай уриниш муваффақиятсизликка маҳкум. Ва энг муҳими бу билан ҳеч ким Эронни қўрқита олмайди.

Тўлиқ суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилинг.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид