Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева мажлисни очиб, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, давлат бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган ишларга тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, минтақада аёллар роли ошиши тинчлик, барқарорлик ва иқтисодий ўсиш кафолатларидан биридир.
Йиғилиш Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан мазкур халқаро ҳужжатларда белгиланган устувор мақсадларни минтақавий ҳамкорлик орқали амалга оширишга йўналтирилган. Ушбу ҳужжатлар аёлларнинг сиёсий иштирокидан тортиб гендер зўравонликка қарши кураш, таълим, соғлиқни сақлашга тенг ҳуқуқли кириш ва экологик ҳамда иқлим сиёсатдаги иштирок каби 12 та йўналишни қамраб олади.
Мажлис доирасида 5 та сессия ўтказилиб, қуйидаги мавзулар муҳокама этилмоқда:
- қарор қабул қилиш жараёнларида аёллар иштироки;
- аёллар тадбиркорлиги — иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорлик манбаи;
- таълим ва репродуктив саломатлик сиёсати;
- инновациялар, ОАВ ва иқлим сиёсатидан аёллар иштироки;
- хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш ва ҳуқуқий ҳимоя.
Якунда парламентлараро ташаббуслар бўйича якуний ҳужжат, минтақавий ҳамкорликнинг йўл харитаси, йиллик мониторинг ва тажриба алмашиш тизимини жорий этиш режалаштирилган.











