Ўзбекистон президентининг 2024 йил 17 октябридаги 367-сонли “Чет элда меҳнат фаолияти жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алексей Ерхов билан учрашув ўтказди.

Мулоқотда Ўзбекистон фуқароларининг Россияда меҳнат миграциясини тартибга солиш масалалари батафсил кўриб чиқилди. Хусусан, томонлар “пилот лойиҳа”ни қайта йўлга қўйиш, миграция тартиб-таомилларини, тиббий кўрикни ва рус тили имтиҳонини Тошкент ва Жиззахдаги Россия олий ўқув юртлари филиалларига кўчириш юзасидан фикр алмашди.

Шу билан бирга, рус тили, тарихи ва қонунчилиги бўйича ўқув марказларини ташкил этиш, касбий таълим тизимида ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш ходимларини тайёрлашга Россиядан мутахассисларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда миграция рейдлари жараёнида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари бузилиши ёки камситилишига йўл қўймаслик зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Миграция оқимларини тартибга солиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ доирасида юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида мунтазам учрашувлар ўтказиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.