Жаҳон | 16:25 / 13.11.2025
2798
3 дақиқада ўқилади

Россияда пилотсиз тизимлар қўшинлари тузилди

Россия қўшинларида пилотсиз (дрон) тизимлар қўшинлари ташкил этилгани эълон қилинди. Янги турдаги қўшинларни шакллантириш 2024 йил декабрида маълум қилинган эди, Украина ҚҚ таркибида эса Пилотсиз тизимлар кучлари 2024 йил феврал ойида пайдо бўлган.

Фото: ТАСС

Россия қуролли кучларида пилотсиз тизимлар қўшинлари тузилди, деб маълум қилди 12 ноябр куни «Комсомольская правда» газетасига берган интервюсида янги турдаги қўшинлар бошлиғининг ўринбосари полковник Сергей Иштуганов. «Янги турдаги қўшинларнинг тузилмаси аниқланди, пилотсиз тизимлар қўшинларининг бошлиғи тайинланди, ҳарбий бошқарув органлари барча даражада яратилди. Ташкилий штатдаги полклар ва бошқа бўлинмалар шакллантирилди. Пилотсиз тизимлар бўлинмаларининг жанговар фаолияти ягона режа асосида ва қўшинлар гуруҳлари таркибидаги бошқа бўлинмалар билан ўзаро ҳамкорликда олиб борилмоқда», — деди Иштуганов. Унинг айтишича, ҳозир «пилотсиз тизимлар қўшинлари учун олий ҳарбий таълим муассасасини яратиш» устида ишлар кетмоқда.

Ўз навбатида, ТАСС давлат ахборот агентлиги Россия Мудофаа вазирлиги ролигини эълон қилди, унда пилотсиз тизимлар қўшинларининг эмблемаси намойиш этилган: кесишган найза ва шамшир, кесишган жойида эса юлдуз ва қанотли микросхема тасвири.

Ўтган йил декабрида РФ мудофаа вазири Андрей Белоусов янги турдаги қўшинларни «Олий бош қўмондон топшириғига мувофиқ» шакллантириш таклиф этилганини айтган. У яратиш жараёни 2025 йилнинг учинчи чорагида якунланишини қайд этган.

2025 йил июн ойида Россия президенти Владимир Путин тузилаётган пилотсиз тизимлар қўшинларини «иложи борича тез ва сифатли равишда жойлаштириш ва ривожлантириш»ни таъминлашга чақирган. «Қарши томон қандай ҳаракат қилаётганини биламиз. Аммо умуман олганда, бу борада бирор жойда ортда қолаётганимиз йўқ, деб ҳисоблайман», — деган эди Путин.

Украина Қуролли Кучлари таркибида айнан шундай бўлинмалар — Пилотсиз тизимлар кучлари (СБС) президент Володимир Зеленскийнинг 2024 йил 6 февралдаги фармони билан алоҳида тур сифатида ажратилган. Уларнинг таркибига ҳаво, денгиз ва қуруқликда қўлланувчи пилотсиз ва роботлаштирилган тизимлардан фойдаланадиган бўлинмалар киритилган. 2025 йил июндан СБСга армияда «Мадьяр» тахаллуси билан танилган майор Роберт Бровди қўмондонлик қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид