Жаҳон | 10:38 / 15.11.2025
3066
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ядровий бомба синови ҳақида ҳисобот тақдим этилди

Энергетика вазирлиги қошидаги Sandia лабораторияси B61-12 ядровий бомбасининг синов парвозлари муваффақиятли ўтгани ҳақида ҳисобот берди. Синов чоғида F-35 ҳарбий самолёти жанговар зарядсиз бомбаларни ташлади. Синовлар август ойида Невададаги полигонда ўтказилган.

Фото: REUTERS

Қўшма Штатлар Невада штатидаги Тонопа полигонида B61-12 ядровий бомбасини синаш муваффақиятли ўтгани ҳақида маълум қилди. Синовлар чоғида F-35 ҳарбий самолёти жанговар зарядсиз бомбаларни ташлаган. Таъкидланишича, синовлар 19–21 август кунлари Невададаги полигонда ўтказилган. Бу ҳақда 13 ноябр куни АҚШ Энергетика вазирлиги қошидаги Sandia лабораторияси хабар берди.

Sandia лабораториясига кўра, синов парвозлари ядровий арсенал ишончлилигини йиллик баҳолаш ва учувчилар тайёргарлигини таъминлаш доирасида ўтказилган. Лаборатория маълумот беришича, 2024 йил охирида АҚШда B61-12 бомбаларини қурол-аслаҳа таркибида ушлаб туриш муддати яна 20 йилга узайтирилган.

Оқ уй раҳбари Доналд Трамп 14 ноябр куни АҚШда ядровий синовларни қайта бошлаш ниятини тасдиқлади. ОАВ вакилларининг бу қачон содир бўлиши ҳақидаги саволига Трамп: «Яқин орада», — деб жавоб берди. Reuters агентлиги таъкидлашича, республикачи сиёсатчи бу синовлар таркибида ядровий жанговар каллакларни портлатиш ҳам назарда тутилган-тутилмаганини аниқлаштирмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид