Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рязан вилояти дронлар томонидан оммавий ҳужумга учради
Рязан вилояти губернатори Павел Малков минтақада дронлар томонидан амалга оширилган оммавий ҳужумдан сўнг «бир корхона ҳудудида» ёнғин чиққанини маълум қилди. Telegram’да эса маҳаллий НҚЗ (нефтни қайта ишлаш заводи)га зарба берилгани ҳақида ёзилмоқда, эҳтимолий ёнғин акс этган видео ҳам эълон қилинган.
Рязан вилояти 15 ноябрга ўтар кечаси дронлар томонидан оммавий ҳужумга учради. Қатор Telegram-каналлар дронлар Рязан нефтни қайта ишлаш заводи (НҚЗ)га ҳужум қилгани ҳақида ёзмоқда. Жумладан, Astra канали ушбу ҳужумдан кейин НҚЗда бошланган ёнғин тасвирланган видеони эълон қилди. Рязан НҚЗга дрон ҳужуми ҳақида Украинанинг Supernova+ Telegram-канали ҳам хабар берди. Бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Рязан вилояти губернатори Павел Малков 15 ноябр тонгида Telegram’да ёзишича, дрон парчалари тушиши натижасида «бир корхона ҳудудида ёнғин келиб чиққан», аммо у қайси корхона эканини аниқлаштирмаган. «Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланувчилар йўқ, моддий зарар баҳоланмоқда. Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда», — дейилади Малков постида.
Ўз навбатида, РФ мудофаа вазирлиги Telegram’да шу тун навбатчи ҳаво мудофаа воситалари Россия минтақалари устида учган 64 та Украин дронига зарба бергани ёки уларни йўқ қилгани ҳақида маълум қилди, шулардан 25 таси — Рязан вилояти узра. Яна 17 та дрон Ростов вилояти ҳудуди устида уриб туширилгани айтилди. «Ўтган тун Шолохов ва Чертков туманларида дрон ҳужуми қайтарилди. Фуқаролар орасида жабрланганлар йўқ. Оқибатлар юзасидан маълумотлар аниқлаштирилмоқда», — деб ёзди Telegram’да вилоят губернатори Юрий Слюсар.
Бундан ташқари, Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 8 та дрон Тамбов вилояти, 5 та — Воронеж вилояти, 2 тадан — Белгород, Саратов ва Липецк вилоятлари, биттадан — Тула ва Самара вилоятлари, шунингдек, Татаристон Республикаси ҳудуди устида уриб туширилган.
Сўнгги ойларда Украина Россиядаги НҚЗ ва бошқа энергетика инфратузилмаси объектларига дронлар ёрдамида тез-тез ҳужум қила бошлади. Кузатувчилар таъкидлашича, шу фонда Россиянинг қатор ҳудудларида ёнилғи танқислиги ҳолатлари кузатиляпти.