Жаҳон | 16:50 / 15.11.2025
4660
2 дақиқада ўқилади

Тожикистоннинг энг катта бозорларидан бирида ёнғин чиқди

12 ноябрдан 13 ноябрга ўтар кечаси Тожикистоннинг Панжакент шаҳри Матлуботи маҳалласида жойлашган Гулистон бозорида катта ёнғин содир бўлган. Маҳаллий аҳоли бу бозорни – “латта бозори” деб атарди. Шаҳар ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг маҳаллий тожик медиаларига билдиришича, камида 600 квадрат метр ҳудудга ёнғин тарқалган. Лекин Kun.uz суҳбатлашган манбаларнинг айтишича, ёнғин ҳудуди қарийб 800 метр квадратгача боради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ёнғин Тожикистон вақти билан 13 ноябрь куни соат 02:30 да ўчирилган. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати Instagram’даги саҳифасида ёнғин ҳақида тахминан соат 22:33 да хабар олганини ёзди. Ва уни ўчириш учун Панжакент шаҳри тасарруфидаги муассасанинг 7 та ўт ўчириш машинаси ва 4 та сув автомашинаси 87 нафар ходим билан сафарбар этилган.

"Ҳодиса жойини кўздан кечириш чоғида 280 та савдо шохобчаси айвонлар остида қолгани, бозорга туташ 20 та уй-рўзғор буюмлари ва кийим-кечак сотиладиган дўконлар ёниб зарар кўргани аниқланди. Бозор ва турар жой биноларидан қарийб 27 миллион сомонийлик товар ва мол-мулк ёнғиндан қутқариб олинди", деб ёзади Тожикистон Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари.

Тожикистонлик журналист Озод Ҳошимийнинг Kun.uz’га айтишича, ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакат бозорларида аввал ҳам ёнғинлар содир бўлган ва аксарият ҳолларда мутасаддилар ёнғинни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ёки электр симларининг носозлиги билан изоҳлаб келади. Ёнғиндан жабр кўрган тадбиркорлар бундай ёнғинларда товарлари йўқ бўлиб кетаётганидан шикоят қилса-да, ҳеч ким уларга товон бермаган. Бу галги ёнғиндан азият чекканларнинг ҳам оҳ-воҳини ҳеч ким эшитмаса керак.

Тайёрлаган:  Шоҳрух Мажидов

Мавзуга оид