Португалия Роналдусиз 9 гол урди, Италия йирик ҳисобда ютқазди, Англияда ноёб натижа
|17:31 / 17.11.202514 73311 мин
Норвегия бу асрда илк бор мундиалга боради, Ирландияда суперкамбэк, Италия қаторасига учинчи мундиални ўтказиб юбориши мумкин. Европада ЖЧ саралашида гуруҳ ўйинлари якунланмоқда.
Португалия миллий жамоаси вазифани уддалади ва ўз майдонида жаҳон чемпионати йўлланмасини нишонлади. Роберто Мартинес шогирдларига Криштиану Роналдунинг йўқлиги сезилмади ва арманлар дарвозасига тўққизта гол урилди. Ирландияга қарши ўйиндаги қизил карточка туфайли дисквалификацияга учраган португалиялик юлдуз эса голлари сонини ошириб олиш (у минглик довонни забт этишга ҳаракат қилмоқда) имкониятидан фойдалана олмади. Жоау Невеш ва Бруну Фернандеш ҳет-трик нишонлади. «Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси учун бу фаолиятидаги тўртинчи (миллий жамоадаги биринчиси) ҳет-трик бўлди. Асосийси жамоа қаторасига еттинчи бор жаҳон чемпионатига боради, Европада бундан яхшироқ серия билан фақат Германия, Испания ва Франция мақтана олиши мумкин.
3-турдан кейин атиги 1 очкога эга бўлган Ирландия кейинги 3 турда 9 очко тўплади ва ўтиш ўйинлари орқали жаҳон чемпионати учун курашни давом эттирадиган бўлди. Ғалаба сув ва ҳаводек зарур бўлган ирландлар Будапештдаги ҳал қилувчи ўйинда ҳам ҳисобда ортда бораётганди. Кейин эса Трой Пэрротт катта саҳнага чиқди. Ўтган турда Португалияга қарши ўйинда (2:0) дубл қайд этган ҳужумчи бу сафар биринчи бўлимда пеналтини аниқ ижро этди, кейин эса 80- ва 90+6-дақиқаларда гол урди. Бу ўйинда дуранг ҳам қониқтирадиган Венгрия якунда ўтиш ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.
Мавзуга оид
Фото: David Balogh/Getty Images
Сўнгги икки ўйинда беш гол уриб, Ирландия қаҳрамонига айланган Пэрротт энди катта эҳтимол билан катта клублар эътиборига тушади («Тоттенҳэм» тарбияланувчиси бўлган футболчи ҳозирда Нидерландия чемпионатида АЗ Алкмар клубида тўп сурмоқда).
Ўтган тур якунларига кўра очколари сони бўйича украинларга етиб олган Исландияни ўзаро ўйинда дуранг ҳам қониқтирган бўларди. Аммо Варшавадаги ўйин охирида тарози палласи номинал мезбонлар томонга оғиб кетди. Аввалига стандарт вазиятдан кейин Палссон дарвозабон ҳудудидан туриб бошда хавфли зарба йўллади, Трубин эса қаҳрамонлик кўрсатиб, жамоасини ўйинда олиб қолди. Кейин эса Гуцуляк аввалига Зубковни голли пас билан таъминлади, қўшимча дақиқаларда ўзи ҳам гол урди. Энди Сергей Ребров шогирдлари плей-офф орқали омадини синаб кўради.
Шанба кунги ўйинларда Қозоғистон ва Беларус мос равишда Белгия ва Даниядан очко олиб, кўпчиликни ажаблантира олганди. Бир кун ўтиб МДҲнинг яна бир вакили Озарбойжон французларга қарши ўйинда бу трюкни такрорлашга ҳаракта қилди. Бокуда ўтган ўйин стартида Дадашов Дашдамировнинг идеал узатмасини голга айлантириб, ҳисобни очди. Шу куни «Учранглилар» дарвозасида дебют қилган Шевале 4-дақиқадаёқ гол ўтказиб юборди.
Аммо бўлим давомида Франция барчасини ўз жойига қайтарди ва ҳисобда олдинга чиқиб олди ва бунда асосий ишни Гюсто амалга оширди. «Челси» ҳимоячиси аввалига ҳисобни тенглаштирган Матетага қанотдан узатма берди, кейин эса Аклиушга миллий жамоадаги биринчи голини уришда ёрдамлашди. Гюстонинг ўзи ҳам номини таблога ёздириб қўйиши мумкин эди, аммо у гол урган ҳужум давомида Нкунку тўпни қўли билан ўйнагани маълум бўлди. Умуман олганда, арбитр биринчи бўлимнинг ўзида меҳмонларнинг икки голини бекор қилди, бўлим охирида яна бир гол бекор қилиниши мумкин эди, аммо VAR аралашуви бу сафар меҳмонлар фойдасига бўлди. Ўтган турдаёқ ЖЧ йўлланмасини ҳал қилган французлар саралаш турнирини сафардаги ишончли ғалаба билан якунлади.
Италия ЖЧга тўғридан тўғри йўлланма олиши учун бу ўйинда тўққиз гол фарқи билан ғалаба қозониши талаб этиларди. Лекин 11-дақиқада Франческо Эспозито ҳисобни очганида италиялик ашаддий мухлислар ҳам ҳеч нарсага умид қилмаётганди.
Ва амалда ҳам ҳеч қандай мўъжиза содир бўлмади ва Норвегия 1998 йилдан буён илк бор жаҳон чемпионатига борадиган бўлди. Скандинавлар охирги бор Франция яшил майдонларидаги турнирда иштирок этганида жамоанинг ҳозирги бош мураббийи Столе Солбаккен футболчи сифатида ўйнарди. Ҳозирда эса жамоада Эдегор, Ҳоланд, Торстведт ва Серлот каби янги авлод юлдузлари ўйнамоқда — улар 90-йиллардаги жаҳон чемпионатларида қатнашган футболчиларнинг фарзандлари ҳисобланади.
Норвеглар иккинчи бўлимда ўйинни кучайтиришди ва тўртта гол уришди, Эрлинг Ҳоланд навбатдаги дублни расмийлаштирди ва саралаш босқичларидаги урилган голлар сони бўйича (16) Левандовскининг рекордини такрорлади. Умуман, норвеглар 37 гол билан саралаш босқичидаги энг кўп гол урган жамоага айланишди.
Йирик ҳисобда ютқазган «Скуадра адзурра» эса энди ўтиш ўйинларида қатнашади, жамоа бу босқичда қаторасига икки бор муваффақиятсизликка учраган ЖЧ-2018 саралашида Швецияга, ЖЧ-2022 саралашида Шимолий Македонияга қарши ўйинларда мағлуб бўлиб, мундиалдан қолиб кетган.
Бу ўйин олдиндан қуруқ расмиятчиликка айланганди. Икки жамоа ҳам ҳатто плей-оффда қатнашиш имкониятини аллақачон йўқотган. Ўйиннинг 18-дақиқасидаёқ Сержу Перчун Молдовани озчиликда қолдириб кетди ва бу билан амалда ўйин тақдири ҳал бўлди. Аввалига Дор Тургеман пеналтини аниқ ижро этиб, ҳисобни очди, аммо номинал меҳмонлар биринчи бўлим давомида ҳисобни тенглаштиришди. Иккинчи бўлимда эса ўйин фақат бир дарвоза томонга бўлди – Исроил яна учта гол уриб, ҳисобни йириклаштирди.
Инглизлар Тиранада Томас Тухел давридаги энг камтарона бўлимни ўтказишди ва танаффусгача атиги 0,29 xG кўрсаткичини қайд этишди. Лекин иккинчи бўлимда барибир Кейннинг гол сезиш қобилияти «Уч шерлар»га саралаш турниридаги юз фоизлик натижани тақдим этди. Ҳарри аввалига Сака бурчакдан оширган тўпни мезбонлар дарвозасига йўллади, кейин эса Рэшфорднинг узатмасини голга айлантирди.
Жамоа саккиз ўйинда саккиз ғалабага эришди ва бу ўйинларда бирорта гол ўтказмади – 22:0. Бунгача Югославия Европада саралаш босқичидаги барча ўйинларда қуруқ ғалабага эришган ягона жамоа бўлиб турганди, аммо болқонликлар ЖЧ-1954 саралашида атиги тўрт ўйин ўтказганди. Сешанба куни Испания инглизларнинг натижасини яхшилаши мумкин, қизил фурия ҳозирда беш ўйинда беш ғалаба ва 19:0 кўринишидаги тўплар нисбатига эга, лекин ушбу жамоа сўнгги турни Туркияга қарши сафарда ўтказади.
Ўтган турдаёқ серблар гуруҳда учинчи ўриндан юқорига кўтарила олмаслиги маълум бўлиб улгурганди ва жамоанинг янги бош мураббийи Велко Паунович тажриба қилишни бошлаб юборди. Латвияга қарши ўйин эса жуда ёмон бошланди ва 12-дақиқадаёқ гол ўтказиб юборилди. Танаффусдан кейин эса икки Александар ўйинни қутқарди – Катаи ва Станкович (Деяннинг ўғли) Андрий Живковичнинг узатмаларини голга айлантиришди. Лекин бу ғалаба Сербияга ҳеч нарса бермайди. Ушбу гуруҳдан плей-оффда Албания қатнашади.