Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркияда оғир аҳволга тушиб қолган аёл ва унинг 12 ёшли қизи Ўзбекистонга олиб келинди
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси кўмагида Туркияда оғир аҳволга тушиб қолган фуқаро ва унинг 12 ёшли қизи ватанга қайтарилди. Оилага зарур тиббий ва моддий ёрдам кўрсатилди, ҳозир уларнинг даволаниш ва реабилитация жараёнлари Ўзбекистонда давом этмоқда.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда ушбу шаҳардаги Миграция агентлиги ваколатхонаси томонидан аёл ва унинг қизи ватанга қайтарилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Маълум қилинишича, Туркияда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида бўлиб турган фуқаро оғир касалликка чалингани сабабли мураккаб аҳволга тушиб қолган. Шундан сўнг у ёрдам сўраб Бош консулхонага мурожаат қилган. Аниқланишича, унинг 12 ёшли қизи ҳам онаси билан бирга бўлган.
Бош консуллик уларнинг аҳволини тезда ўрганиб, зарур кўмакни ташкил этди. Оилани Ўзбекистонга қайтариш учун керакли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва Миграция агентлиги ваколатхонаси кўмагида авиачипталар сотиб олинди. Бироқ, аёлнинг оёғи сингани боис уларнинг қайтиши маълум муддатга кечиктирилди.
Шифокорлар назорати остида фуқаронинг аҳволи барқарорлашгач, унинг оёғига муваффақиятли жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, протез қўйилди. Молиявий аҳволи оғир бўлгани, сўнгги уч ой давомида меҳнат фаолияти билан шуғуллана олмагани инобатга олиниб, оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, унинг қизи ҳам махсус ёрдамга муҳтож эканлиги аниқланди.
Бош консулхонанинг ташаббуси билан "Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти", Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Туркиядаги вакиллиги ҳамда турли диаспора ташкилотлари кўмагида аёл ва қизига зарур ёрдам кўрсатилиб, улар ватанга қайтарилди.
Айни пайтда она-бола Ўзбекистонда даволанмоқда, уларнинг реабилитация жараёнлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимият идоралари билан ҳамкорликда давом эттирилмоқда.
Мавзуга оид
09:57 / 02.04.2026
Айрим ўзбекистонликлар Владивосток аэропорти орқали Россияга киритилмади
08:52 / 02.04.2026
Ўзбекистонлик аёл ва унинг уч фарзанди Россиядан олиб келинди
11:53 / 25.03.2026
Полшада Ўзбекистон фуқароси вафот этди
14:55 / 19.03.2026