Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши юзасидан 2022 йилдан бери Ўзбекистонда 338 та жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

ДХХнинг “Узоқдан изланган бахт” номли ҳужжатли филмида айтилишича, Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) билан қўзғатилган жиноят ишлари сони:

  • 2022 йилда 19 та;
  • 2023 йилда 68 та;
  • 2024 йилда 112 та;
  • 2025 йилда 139 тани ташкил этган.

“Ушбу рақамларнинг ўсишда давом этаётгани биздан янада огоҳ бўлишни талаб этади. Фуқароларимиздан турли кимсалар, гуруҳлар манфаатлари йўлида дунёнинг турли нуқталарида содир бўлаётган қуролли тўқнашувлар иштирокчисига айланиб қолмаслик учун ҳар хил алдовлар, тарғибот ҳаракатларига ишониб қолмаслик ва қонунчилик талабларига риоя қилишни сўраб қоламиз”, – деди ДХХ Тергов бошқармаси терговчиси Бекзод Қобулов.

Ҳужжатли филмда Россия–Украина уруши ва Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган ўзбекистонликларнинг ҳикоялари келтирилган.

“Айрим шахслар моддий манфаатдорлик эвазига юртимиздан ташқарида бўлган танишлари ва бошқа фуқароларни алдов йўли билан низоли ҳудудларга жўнатиш билан шуғулланиб келган. Ўз юртдошлари қони эвазига яхшигина бойлик тўплашга уринган нокаслар ҳам бор” , – дейилади филмда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 154-моддасига асосан, Ўзбекистон фуқаросининг ўзга давлат ҳудудида қуролли тўқнашувларда қатнашиш учун ёлланиши – 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

“Асирлар алмашинувига рози бўлмадим” – Украинада асир тушган йигит Ўзбекистон сўровини кутмоқда

“Яраланганда ҳам жангга киришимиз буюрилган” – Россия армиясига ёлланган йигит ҳикояси