БМТ Хавфсизлик Кенгаши (ХК) АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазо сектори бўйича тинчлик режасини қўллаб-қувватловчи резолюцияни қабул қилди. 15 аъзо давлатдан 13 таси 17 ноябрда Вашингтон таклифи учун овоз берди. Россия ва Хитой овоз беришда бетараф қолди.

Режа Ғазо секторида барқарорлаштиришга қаратилган халқаро кучлар тузишни ва Евроиттифоқ, Буюк Британия ҳамда АҚШда террористик ташкилот сифатида эътироф этилган ҲАМАС ҳаракатини қуролсизлантиришни назарда тутади. Бундан ташқари, фаластинликлар учун ўтиш даври маъмуриятини тузиш таклиф этилмоқда.

Овоз бериш арафасида Исроил резолюция матнида "Фаластин халқи ўз тақдирини ўзи белгилаши ва Фаластин давлати тузилишига ишончли йўл" ҳақидаги бандни танқид қилди.

Резолюциянинг қабул қилиниши БМТ Хавфсизлик Кенгаши учун нисбатан кам учрайдиган ютуқ ҳисобланади. Сўнгги йилларда аъзо давлатлар Яқин Шарқ масаласида ўта қарама-қарши позицияларни эгаллаб келаётган эди. Бундай овоз бериш натижаси Яқин Шарқдаги тинчлик жараёни тобора кенгроқ халқаро қўллаб-қувватловга эга бўлаётганидан далолат беради, дея таъкидлади dpa агентлиги. AFP агентлиги эслатишича, резолюция матни кескин музокаралар чоғида бир неча бор қайта кўриб чиқилган.

ҲАМАС ҳам резолюцияни танқид қилиб, "Ғазо сектори ичида халқаро кучларга вазифа ва функциялар юкланиши, жумладан қуролсизлантириш вазифаси, уларни нейтралликдан маҳрум қилиб, можаро тарафларидан бирига айлантиради", деб баёнот берди. Гуруҳ позициясини Reuters агентлиги келтирди.

Аввалроқ G7 мамлакатлари, шунингдек Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари – Қатар, Миср, БАА, Саудия Арабистони, Индонезия, Покистон, Иордания ва Туркия АҚШ резолюциясини қабул қилишга чақирган эди.

"Бутун дунёни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ажойиб овоз бериш натижалари билан табриклайман, унга кўра 'Тинчлик кенгаши' тан олинди ва маъқулланди. Унга мен раҳбарлик қиламан, унга дунёдаги энг нуфузли ва ҳурматли лидерлар киради", – деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

Оқ уй раҳбари БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзо давлатларига, жумладан Россия ва Хитойга ҳам миннатдорлик изҳор қилди. Унинг сўзларига кўра, "Тинчлик кенгаши" аъзолари ҳақидаги маълумотлар яқин ҳафталарда эълон қилинади.

БМТ Хавфсизлик Кенгашида вето ҳуқуқига эга бўлган Москва ўз резолюция лойиҳасини тайёрлаган эди. Унда "Тинчлик кенгаши"ни тузиш ва АҚШ мувофиқлаштирадиган халқаро кучларни минтақада жойлаштириш ҳақида сўз бормаган. Ҳужжатда АҚШ президентининг ўзи ҳам тилга олинмаган.