Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

БМТ Ғазо бўйича АҚШ резолюциясини қабул қилди

17 ноябр куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазодаги урушни тугатиш бўйича АҚШ томонидан тайёрланган резолюцияни қабул қилди. БМТ резолюцияси — ўтиш даври бошқарув органини қонунийлаштириш ҳамда Ғазога қўшин юборишни кўриб чиқаётган давлатларни ишонтириш учун муҳим қадамдир.

Резолюция матнида аъзо давлатлар ўтиш даври ҳокимияти сифатида кўзда тутилган Тинчлик Кенгашида иштирок этиши мумкинлиги айтилади.

Ушбу резолюция президент Доналд Трампнинг сулҳ режасини қўллаб-қувватлайди: резолюция Ғазода қуролсизлантириш жараёнини, жумладан, қуролларни утилизация қилиш ва ҳарбий инфратузилмани йўқ қилиш орқали таъминлайдиган халқаро барқарорлаштириш кучларига ҳам рухсат беради.

Ҳамас эса баёнотида қуролсизланмаслигини яна бир бор такрорлаб, Исроилга қарши курашини «легитим қаршилик» деб таърифлади. Бу позиция эса гуруҳни халқаро кучлар билан тўқнаш келиши эҳтимоли билан юзма-юз қўяди.

«Резолюция Ғазо секторига халқаро васийлик механизмини юклайди, буни халқимиз ва уларнинг фракциялари рад этади», — дейилади Ҳамас баёнотида.

Фаластин маъмурияти резолюцияни олқишлаб баёнот чиқарди ва уни амалга оширишда иштирок этишга тайёр эканини билдирди. Трамп эса овоз беришни ижтимоий тармоқларда «ҳақиқий тарихий аҳамиятга эга лаҳза» сифатида нишонлади. «Кенгаш аъзолари ва яна кўплаб қизиқарли эълонлар келгуси ҳафталарда эълон қилинади», — деб ёзди Трамп.

Вето ҳуқуқига эга бўлган Россия аввал резолюцияга қарши чиқиш эҳтимолини билдирган эди, бироқ Хитой ҳам, Россия ҳам овоз беришда бетараф бўлди. Уларнинг БМТдаги элчилари, ҳужжат БМТга Ғазонинг келажагида аниқ рол бермаётганидан шикоят қилишди.

«Аслида кенгаш – Вашингтоннинг ваъдаларига асосланиб, ташаббусга ўз розилигини бермоқда. Ғазо секторига тўлиқ назоратни Тинчлик Кенгаши ва ISFʼга топширмоқда. Биз эса ҳозирча бу тузилмаларнинг қандай ишлаши ҳақида ҳеч нарса билмаймиз», — деди Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя.

Фаластинликлар учун давлат тузишнинг келажакдаги эҳтимолини тилга олинган ҳужжат матни эса Исроилда баҳс уйғотди. Улар тўлақонли Фаластин давлатига бўлишига қатъий қаршилик қилмоқда.