Шотландияда драма. Европада ЖЧнинг яна беш иштирокчиси маълум бўлди
|17:24 / 19.11.20259 95011 мин
Шотландия сўнгги дақиқаларда йўлланмани Даниядан тортиб олди. Испания, Белгия, Австрия ва Швейцария ҳам мундиал масаласини ҳал қилди. Гуруҳ босқичида муваффақиятсизликка учраган 16 жамоа қўшимча тўрт йўлланма учун кураш олиб боради.
Фото: Robbie Jay Barratt — AMA/Getty ImagesФото: Robbie Jay Barratt — AMA/Getty Images
Сешанба оқшомидаги асосий ўйин Британия шимолида бўлиб ўтди, бу ерда мезбон шотландлар данияликлар билан гуруҳда ким биринчи ўринни эгаллаши масаласини ҳал қилишди (охирги тур олдидан Данияда 11, Шотландияда 10 очко бор эди). Ўйин Мактоминайнинг чалқанча услубдаги ҳайратомуз зарбаси билан бошланди. Шотландия термаси етакчиси 4-дақиқадаёқ Криштиану Роналдунинг энг яхши йилларидаги трюкни такрорлаб, Шмейҳелга ҳеч қандай имкон қолдирмади.
Иккинчи бўлимда эса ҳақиқий драма рўй берди: аввалига Ҳойлунд пеналтидан ҳисобни тенглаштирди, аммо кўп ўтмай данияликлар ҳимоячиси Кристенсен қизил карточка олди, кейин эса Шанклэнд мезбонларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо уч дақиқа ўтиб скандинавлар яна бир бор мувозанатни тиклашди – Доргунинг голидан кейин Дания онлайн жадвалда биринчи ўринга чиқди. Барчаси Дания гуруҳ пешқадамлигини сақлаб қолишига қараб кетаётганди, аммо бу оқшом Доргу эмас, Тирни қаҳрамонга айланди, ушбу ҳимоячиси қўшимча дақиқаларда ғалаба голини урди, яна бир неча дақиқа ўтиб Маклин майдон марказидан йўллаган зарбаси билан ўйинга узил-кесил нуқта қўйди. Шотландлар 1998 йилдан буён илк бор мундиалга йўл олди, Данияни ўтиш ўйинлари кутмоқда.
Инглизлар хотиржам бўлиши мумкин: испанлар барибир сўнгги турда гол ўтказиб юборишди ва гуруҳ босқичини гол ўтказмасдан якунлаган Томас Тухел жамоаси натижасини такрорлай олмади. Туркия тўғридан тўғри йўлланмага эга чиқиш учун Севилядаги ўйинда 7 тўп фарқи билан ғалаба қозониши керак бўларди, бунга жамоа устози Винченцо Монтелла ҳам ишонмасди ва шунинг учун Арда Гулер, Кенан Йилдиз ҳамда Ҳоқон Чалхонўғли каби етакчиларга дам берилди. Уларнинг ўрнига туширилган футболчилар эса ишончни оқлашди ва меҳмонлар 55-дақиқага келиб 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. Фақат испанлар тўпурари Оярсабал бу сафар ҳам майдонни голсиз тарк этишни истамади ва 62-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Шундан кейин икки жамоа ҳам асосий эътиборини гол ўтказмасликка қаратди ва ҳисоб бошқа ўзгармади. 31 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этаётган Луис де ла Фуэнте шогирдлари тўғридан тўғри йўлланмага эга бўлди, турклар эса ўтиш ўйинларидан олдин ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаб олди.
Гуржистон жамоасидан камида муносиб иштирок кутилганди, аммо Хвича ва жамоа мухлисларни ранжитишди. Гуржистонликлар сўнгги турда аутсайдер болгарларга ҳам ютқазишди. Мезбонлар биринчи бўлим ўрталаридаёқ икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олишди, меҳмонлар ўйин охирида битта жавоб голини уришди, аммо камбэк амалга ошмади.
ЖЧ йўлланмаси учун яна бир ўзаро тўқнашув кутилмаган натижа билан бошланди — Босния ўйин стартидаёқ бурчак зарбасидан гол урди. Мемичнинг зарбаси газонга чўпчиб, дарвозабон ҳудудида турган Табаковичга голли пас бўлиб борди. Австрия эса анча вақтгача жавоб голини ура олмади. Аввалига Зайвалднинг хавфли зарбасини дарвозабон қайтарди, кейин эса Лаймернинг голи VAR аралашувидан кейин ҳужумнинг бошланғич қисмида ишлатилган фол туфайли бекор қилинди. Босния ғалабали ҳисобни тиш-тирноғи билан ҳимоя қилди, аммо ўйиннинг 77-дақиқасигача бир оёғи билан жаҳон чемпионатида турган меҳмонлар барибир рақиб босимига дош беролмади. Шу дақиқада Грегорич ҳисобни тенглаштирувчи голни урди ва мезбонларни онлайн жадвалда яна биринчи ўринга олиб чиқиб, боснияликларни ўтиш ўйинларига юборди. Австрияликлар 1998 йилдан буён илк жаҳон чемпионатига йўл олди.
Муддатидан олдин ЖЧ йўлланмасидан умид узган Руминия сўнгги турда мухлислари учун ўйнади ва Сан-Марино дарвозасига еттита гол йўллади. Шу билан бирга, санмариноликлар ўйин стартида кутилмаганда ҳисобни очишганди, эътиборли жиҳати, ушбу жамоа бу саралаш босқичида атиги икки гол урди ва икки гол ҳам руминлар дарвозасига урилган.
Сан-Маринодан фарқли ўлароқ, бошқа бир футбол карлиги – Лихтенштейн Белгияга ҳеч қандай муаммо туғдира олмади. Ванакен 3-дақиқадаёқ тезкор гол урганидаёқ ўйин йирик ҳисобда якунланиши ойдинлашди ва мухлислар шундан кейин асосий эътиборни Кардиффда Уэлс ва Шимолий Македония ўртасида иккинчи ўрин учун кечаётган ўйинга қаратиши мумкин эди.
Бу ўйинда ютқазган жамоа ҳам Миллатлар лигасидаги рейтинги эвазига ўтиш ўйинларига ўтиши маълум эди – аммо бу ҳолда қийинроқ рақибга дуч келиши кафолатланганди. Қуръада бундай жамоа тўртинчи саватчадан жой олади ва фаворитлардан бирига қарши сафарда ўйнашга тўғри келади.
Уэлсликлар буни исташмади ва биринчи бўлим ўрталарида уч дақиқа ичида иккита гол уришди. Брукс аввалига Уилсон учун пеналти ишлади, кейин ўзи ҳам гол урди. Кейин мезбонлар дарвозабони Дарлоу хатога йўл қўйди ва Миоски ҳисобдаги фарқни қисқартирди, аммо «аждарлар» аллақачон қон исини сезишганди ва якунда рақибни буткул яксон этишди. Жонсоннинг олис масофадан йўллаган зарбаси ҳамда Уилсоннинг жарима зарбаси кечанинг безагига айланди. Крейг Беллами шогирдлари ўтиш ўйинларида ҳам исталган рақибга қийинчилик туғдира олишини намойиш этди.
Бу гуруҳда барчаси кутилганидек якунланди: сўнгги тур арафасида косоволикларда биринчи ўринга чиқиб олиш учун фақат назарий жиҳатдан имконият бор эди, бунинг учун ўзаро ўйинда швейцарияликлар 11 тўп фарқи (!) билан мағлуб этилиши керак бўларди. Амалда эса косоволиклар фақат битта гол уришди ва бу ҳам ҳисобни тенглаштирувчи гол бўлди. Швеция эса 6 турдан тўрттасида ютқазиб, атиги икки очко билан сўнгги ўринда қолганига қарамай, баҳорда ўтиш ўйинлари орқали иккинчи имкониятга эга бўлади.
ЖЧга йўл олган барча жамоалар:
Европада ўтиш ўйинлари учун ҳосил бўлган саватчалар: