Навоийда ички ишлар органларига ишга киритиб қўйишини айтиб, фирибгарлик қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоятнинг Нурота туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс бухоролик 35 ёшли фуқаро билан танишган ҳамда у жиянини ички ишлар органларига ишга киритмоқчи эканидан хабар топган. Ўзаро суҳбатда “ҳожатбарор” бу иш хамирдан қил суғургандек осон битишини, ўзи ҳам ички ишлар органи ходими эканини билдирган. Сўнгра 5 000 минг доллар эвазига Навоий вилояти ИИБ Тергов бошқармасига ишга киритиб қўйишини айтган. 

Телефон орқали суҳбатлардан бирида у ишни бошлаб юбориш учун пул зарурлигини маълум қилиб, 500 доллар етказиб беришни сўрайди. Ушбу пулни олаётганда эса ИИВ ШХББ Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан қўлга олинади.

Пул керак бўлиб қолди. 500 доллар олиб келинг, кейин бу ёғини кўраверамиз, дедим. Нафс ёмонлик қилди. 10 кундан кейин чўнтагимга пул тушади, қайтариб бераман деб ўйлагандим, ўхшамади. Ўзим учун керак эди у 500 доллар. Ҳеч қандай танишим йўқ. Қилган ишимдан пушаймонман”, деган ушланган шахс. 

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ДХХга ишга киритишни ваъда қилган фирибгарлар ушланганди.