Соғлом ҳаёт | 02:39 / 21.11.2025
3666
2 дақиқада ўқилади

Олимлар қаришни секинлаштирадиган иммун ҳужайраларни аниқлашди

Бу ҳужайралар организмдаги зарарли “зомби”-ҳужайраларни йўқ қилиб, уларнинг тўпланишини тўхтатади. 

Фото: Pexels

Исроилнинг Бен-Гурион университети олимлари қаришга қарши курашишнинг янги механизмини очиб берувчи муҳим кашфиёт қилишди. Тадқиқотчилар трансформациялана оладиган ва ёш ўтиши билан организмда тўпланиб борадиган сенесцент ёки “зомби”-ҳужайраларни йўқ қилиш қобилиятига эга CD4 T-ҳужайралар деб аталувчи иммун ҳужайраларнинг ўзига хос турини аниқладилар.

Қариб борадиган бу ҳужайралар кўпайишдан тўхтаса-да, фаоллигини сақлаб қолади ва зарарли молекулалар ажратади. Бу молекулалар сурункали яллиғланиш, тўқималарнинг бузилиши ва охир-оқибат ёшга доир касалликларга олиб келади.

Янги тадқиқот илк бор CD4 T-ҳужайралари сенесцент ҳужайралар таъсири остида CD4-Eomes деб номланувчи махсус “жангчи” ҳужайраларга айланишини молекуляр даражада кўрсатиб берди. Бу ҳужайралар зарарли “зомби”-ҳужайраларни йўқ қилиб, уларнинг тўпланишини тўхтатади. 

Олимлар сичқонларда ўтказилган тажрибаларда CD4-Eomes ҳужайраларининг пайдо бўлиши сенесцент ҳужайралар мавжудлигига бевосита боғлиқ эканини аниқладилар, бу эса иммун тизимининг кексайишга нисбатан мувофиқ тарзда жавоб қайтараётганини кўрсатади. Шунингдек, сичқонларда ушбу ҳужайраларнинг пайдо бўлиши сунъий равишда тўхтатилганида тўқималарда “зомби”-ҳужайралар миқдори сезиларли даражада ортиги аниқланди.

Жигар циррози моделидаги қўшимча тажрибаларнинг кўрсатишича, CD4-Eomes ҳужайралари қарий бошлаган ҳужайралар миқдори ва тўқималарнинг емирилишини пасайтиради.

Ушбу кашфиёт иммун тизими қаришга қарши табиий равишда механизмлар ишлаб чиқишини ва унинг айрим компонентлари бу жараёнда ижобий аҳамият касб этишини кўрсатди.

Келгусида CD4-Eomes ҳужайралари фаоллигини мақсадли кучайтириш биологик қаришни секинлаштириш ва ёшга доир касалликларнинг олдини олишда янги усул бўлиши мумкин. Бироқ бунга эришиш учун қўшимча кенг кўламли тадқиқотлар талаб этилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид