Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Покистон ҳукумати Ўзбекистон билан иқтисодий келишувлар бўйича махсус вакил тайинлади
Покистон бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси – саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар Хан Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар ижросини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўйича масъул вакил этиб тайинланди.
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси – саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар Хан билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Учрашувда Покистоннинг барча асосий иқтисодий идоралари, хусусан, Махсус инвестицияларни рағбатлантириш кенгаши, Саноат ва ишлаб чиқариш вазирлиги, Нефть ва табиий ресурслар вазирлиги, Темирйўллар вазирлиги, Савдо ва Иқтисодий ишлар вазирликлари, Марказий банк, Миллий банк ва бошқа тузилмалар вакиллари иштирок этди.
Музокара давомида олий даражада эришилган келишувлар ижроси, саноат кооперациясини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, транзит ва логистика йўналишларида ўзаро боғлиқликни кучайтириш, энергетика, геология ва фармацевтика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Элчи Алишер Тўхтаев Ўзбекистон–Покистон муносабатларининг ҳолати ва истиқболларига тўхталар экан, "Тошкент–Исломобод" ва "Тошкент–Лаҳор" йўналишларида ҳафтасига тўрт марта амалга оширилаётган мунтазам авиақатновлар ишбилармонлик, сайёҳлик ва расмий алоқалар учун қулай шарт-шароит яратаётганини қайд этди. Шу билан бирга, Карачи шаҳри Покистоннинг йирик саноат ва молия маркази, Ўзбекистон эса минтақа транспорт логистикасида муҳим бўғин эканини инобатга олган ҳолда "Карачи–Тошкент" йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Учрашувда преференциал савдо битими бўйича амалий келишувларга эришилгани, савдо имтиёзлари рўйхатини кенгайтириш юзасидан техник ишчи гуруҳлар фаолият олиб бораётгани таъкидланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Покистон Савдо вазирлиги ўртасида онлайн учрашув ўтказишга келишиб олинди.
Покистон Марказий банки вакили Ўзбекистон билан тўғридан тўғри молиявий операцияларни йўлга қўйиш мақсадида ушбу мамлакатнинг бир қатор тижорат банклари ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди. Мазкур масалани батафсил кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Марказий банки ва Покистон Давлат банки ўртасида онлайн учрашув ташкил этиш таклиф этилди.
Геология ва кончилик соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Покистон Минерал қазиб олиш корпорацияси ва "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" иштирокида қўшма лойиҳалар амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Трансафғон темирйўли лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш ишларини жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Tashkent Pharma Park ҳудудида фармацевтика саноати бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга Покистон томони юқори қизиқиш билдиргани таъкидланди. Ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш мақсадида Покистоннинг Дори воситалари ва регуляция агентлиги ҳамда Ўзбекистоннинг ваколатли органлари ўртасида доимий ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.
Учрашув якунида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Мавзуга оид
09:05 / 13.06.2026
Покистон: АҚШ ва Эрон келишув матни бўйича келишиб олди
17:54 / 10.06.2026
Покистон Афғонистон бўйлаб ҳаво зарбалари берди: 26 киши ҳалок бўлган
17:36 / 25.05.2026
Шавкат Мирзиёев Покистон раҳбариятига таъзия йўллади
16:46 / 24.05.2026