Шоурумда ўзбек ҳунармандчилиги анъаналарини ривожлантириб, уларни замонавий талқинда давом эттираётган маҳаллий брендлар маҳсулотлари тақдим этилди.

Биринчи хонимлар миллий нақшлар, кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари ва ўзбек халқининг маданий қадриятлари акс этган маҳаллий усталар ҳамда дизайнерлар ижоди билан танишди.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг ўзига хос урф-одат ва анъаналарини акс эттирувчи маданий дастур ҳам намойиш этилди. Унда инсон ҳаётидаги муҳим босқичлардан бири — оила қуриш ва у билан боғлиқ миллий удумларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, озарбойжонлик меҳмонларга келин сарпосини тайёрлаш ва сўзана тикиш билан боғлиқ удумлар, тўй маросимлари, келинни куёв хонадонига кузатиш, «келин салом» ва «бешик тўйи» анъаналари намойиш этилди. Шунингдек, анъанавий она алласи ижро этилди.

Маданий дастур Ўзбекистон ва Озарбойжон халқларининг урф-одатлари ҳамда қадриятларидаги муштарак жиҳатларни ҳам кўрсатиб берди. Ҳар икки халқ ҳаётида оила, катталарга ҳурмат, фарзанд тарбияси, меҳмондўстлик ва миллий анъаналарни асраб-авайлаш муҳим ўрин тутиши таъкидланди.