Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда биринчи марта экофаоллардан юз минглаб евро миқдорида зарар тўлови талаб қилинмоқда
Германия суди экологик фаолларга Ҳамбург аэропорти ишини издан чиқаргани учун 403 минг евро миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини юклади. Агар улар бу суммани тўлай олмаса, озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Даъвогар сифатида Lufthansa авиакомпанияси чиқди.
Ҳамбург суди «Охирги авлод» деб номланувчи радикал экологик ҳаракатнинг 10 нафар фаолидан иборат гуруҳни 2023 йил июл ойида Ҳамбург аэропортини блоклагани учун Lufthansa авиакомпанияси фойдасига 403 137 евро миқдорида компенсация тўлашга ҳукм қилди. Суд қарори ҳақида сешанба, 25 ноябр куни Bild газетаси хабар берди.
Зарар суммаси таркибига компания мижозларига тўланган тўловлар (207 минг евродан ортиқ), ёнилғи харажатлари, қўшимча кечикишлар, шунингдек қарийб 191 минг евро миқдоридаги йўқотилган фойда киритилган. Бундан ташқари, жавобгарлар суд харажатларини ҳам қоплаши шарт. Агар улар компенсацияни тўламаса, икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши ва мулки мусодара қилиниши мумкин. Lufthansa даъводa 740 минг евро компенсация талаб қилган эди.
Радикал экофаоллар гуруҳи 2023 йил 13 июл куни Ҳамбург аэропортини блоклаган. Улар аэропорт ҳудудига кириб, учиш-қўниш йўлакларини тўсиб қўйган ва ўзларини асфалтга ёпиштириб олган. Фаоллар ҳаво бандаргоҳининг ишини тўлиқ тўхтатиб қўйган. Жами 57 та рейс бекор қилинган, 8500 нафар йўловчи жабр кўрган.
Bild нашри қайд этишича, бу Германияда экофаоллар бир неча юз минг евро тўлашга мажбур қилинаётган илк суд қарори. Аввалги ҳолатларда жазо кичик жарималар ва қисқа муддатли озодликдан маҳрум этиш билан чекланар эди.