Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Миллий статистика қўмитасининг ҳисоботи билан танишди.
Қайд қилинишича, идоралараро маълумот алмашинуви кенгайтирилиб, 60 та интеграция жорий этилгани натижасида ҳисобот юкланмаси 27 фоизга қисқарди. Шу жумладан, солиқ органларининг онлайн-касса маълумотлари, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли, қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва ҳосил тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштирилган ҳолда қабул қилиш йўлга қўйилди.
Йиғилишда ялпи миллий маҳсулотнинг номинал ҳажмини ҳисоблашни яхшилаш бўйича қилинган ишлар юзасидан ахборот берилди. Бозор хизматлари, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бюджет харажатларини статистика билан янада кенгроқ қамраб олиш натижасида қўшимча 81 триллион сўм қўшилган қиймат инобатга олиниб, 2024 йил якунлари бўйича ЯИМ ҳажми 115 миллиард доллардан 121,4 миллиард долларга ошди.
Шу билан бирга, яширин иқтисодиёт улуши 2017 йилдаги 50 фоиздан 2024 йилда 35 фоизгача камайгани таъкидланди. Яқин истиқболда яна 79 триллион сўмлик норасмий иқтисодиётни статистика билан қамраб олиш, яширин иқтисодиёт улушини 29 фоизгача тушириш имконияти мавжудлиги маълум қилинди.
Президент глобал бозорда электрон савдо ҳажми жадал ўсаётганини таъкидлади. Мамлакатда бу соҳанинг ўсиш суръатлари 9-11 фоизга етиши кутилмоқда. Шунингдек, ахборот технологиялари ва масофавий хизматлар, фриланс каби янги соҳалар тез ривожланяпти. Миллий статистика тизими олдида бу соҳаларни ҳам қамраб олиш бўйича муҳим вазифалар тургани кўрсатиб ўтилди.

Истеъмол нархлари индексини тузишда маълумотларни қўлда йиғиш амалиётидан воз кечиб, АT ва сунъий интеллект технологияларига босқичма-босқич ўтиш зарурлиги таъкидланди.
Миллий статистикани замонавий ва халқаро даражада тан олинадиган тизимга айлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Халқаро “Deloitte” консалтинг компанияси томонидан 23 та ташаббус ва 70 та лойиҳа ишлаб чиқилгани айтилди. Уларни босқичма-босқич амалга ошириш статистиканинг аниқлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Бундан ташқари, Жаҳон банки билан биргаликда 2030 йилгача бўлган даврда статистикани ривожлантириш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Келгуси йил январь ойида бошланадиган аҳолини рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.












