Бугун Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида бюрократик тўсиқларни қисқартириш, давлат бошқарувини замонавийлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга бағишланган халқаро форумлар бошланади. Очилиш тадбирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиши кутилмоқда.

Форумлар доирасида давлат хизматларини рақамлаштириш, идоралар фаолияти очиқлигини ошириш, қарор қабул қилиш жараёнларига инновацион ечимларни татбиқ этиш, шу жумладан сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама этилиши назарда тутилган.

Дастур доирасида давлат раҳбари Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад ал-Гаргавий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказади. Мулоқот чоғида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, рақамли ҳукумат, инновацион менежмент ва сунъий интеллектни жорий этиш соҳасида тажриба алмашиш ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Тадбирлар доирасида Ўзбекистоннинг очиқ, замонавий ва инновацион давлат бошқарувига ўтиш борасидаги устувор йўналишлари, халқаро шериклар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилиниши кутилмоқда.