Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Даври тугаган АИ-80

2025 йил 1 декабрдан Ўзбекистонда АИ-80 маркали бензин сотилишининг олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатилади. Бу давлат раҳбарининг шу йил 18 ноябр куни имзолаган қарор билан тасдиқланган дастурда келтирилган. Ушбу тартиб экология соҳаси бўйича янги чоралар кўриш фонида йўлга қўйилмоқда.

Аслида “Ўзбекнефтгаз” жорий йил 2 сентябрдан эътиборан АИ-80 маркали бензинни биржа савдоларига чиқаришни тўхтатганди. Ўшанда август ойида тадбиркорлар томонидан харид қилинган АИ-80 бензин ҳажмлари мажбурият ва мавжуд қолдиқлар доирасида сентябр ойида ҳам ўз эгаларига етказиб берилиши ҳамда йил охиригача омборлардаги захиралар ҳам тугаши белгиланган. Эндиликда перзидент қарори билан аҳолини сифатли ва экологик тоза ёқилғи билан таъминлаган ҳолда АИ-80 бензинини автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотишни олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатилади.

Ҳозир дунё бўйича ишлаб чиқарилаётган деярли барча автомобиллар юқори октанли ёқилғида ишлашга мўлжалланган. АИ-80 каби паст октанли турлари ёниши натижасида кўп миқдорда углерод оксиди ва ёнмаган углеводородлар каби ифлослантирувчи моддалар ҳосил бўлади. Бу эса аҳоли саломатлигига зарарли. Қолаверса, транспорт чиқиндилари иқлим ўзгаришини ҳам тезлаштирувчи омиллардан бири ҳисобланади. Шу сабабли кўплаб мамлакатлар экологик қоидаларни борган сари қаттиқлаштириб бормоқда.

Бутун дунё амалиётида 80 бензини энг сифатсиз бензин ҳисобланади ва мамлакатлар буни тан олиб, муомаладан чиқариб бўлган.

Тадбиркорларга кафолатлар тақдим этилади

Давлат раҳбарининг 2025 йил 26 сентябрдаги фармони билан тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга доир қатор чоралар белгиланган. Ҳужжатга кўра, 2026-2027 йилларда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» томонидан 4 триллион сўмлик молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш орқали 5 мингта тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.