Жаҳон | 09:35 / 01.12.2025
1907
4 дақиқада ўқилади

Туркия ТИВ раҳбари: Россия ва Украина тўрт йиллик урушдан сўнг тинчликка тайёр

Тўрт йилга яқин давом этаётган уруш давомида ҳам Россия, ҳам Украина инсон фожиаси кўламини кўрди ва ўз чегараларини англаб етди. Ҳозир улар аввалгидан кўра кўпроқ тинчликка тайёр, деб ҳисоблайди Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан.

Фото: Türkiye Dışişleri Bakanlığı

Украинада тўлиқ миқёсдаги уруш бошланганига деярли тўрт йил ўтганидан сўнг ҳам Москва, ҳам Киев тинчлик шартномаси тузишга аввалгидан кўра кўпроқ тайёр, деб ҳисоблайди Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан. У шундай фикрни Welt am Sonntag газетасига берган интервюда билдирди, суҳбат матни якшанба, 30 ноябр куни нашр сайтида эълон қилинди.

«Тўрт йиллик ҳалокатли урушдан сўнг ҳар икки томон тинчлик тузишга аввалгидан кўра кўпроқ тайёр. Улар инсон фожиаси ва вайронагарчилик кўламини кўрди ва ўз чегаралари қаерда эканини тушунди», — деди Туркия дипломатияси раҳбари тинчлик шартномаси тузиш имкониятлари олдинги ташаббуслар билан солиштирилганда қай даражада экани ҳақидаги саволга жавоб бериб.

Фидан, у 13 йил давомида Туркия Миллий разведка ташкилоти (MIT)га раҳбарлик қилгани ва ҳанузгача президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг энг ишончли одамларидан бири ҳисобланишини эсга олган ҳолда, қўшимча қилди: «Жаноб Путин ҳам маълум шартлар бажарилган тақдирда тинчлик келишувига рози бўлишга тайёр». «Бу позиция Украина томонига етказилган ва биз бу борада маълум йўналишларда фаол ишлаяпмиз. Бу уруш Россия учун ҳам жуда катта харажатларни англатади», — деди у.

Москва Украина ҳудудида НАТО қўшинлари жойлашишига қаршилигини ҳисобга олган ҳолда, Киев қандай хавфсизлик кафолатларини олиши мумкинлиги ҳақида фикр юритар экан, Фидан шундай деди: «НАТО кучлари — НАТОга тегишли бўлиши шарт бўлмаган халқаро кузатувчи кучлар билан бир ҳил эмас. Ҳозир муҳокама қилинаётган энг асосий элемент — бу Украина учун АҚШ томонидан НАТО шартномасининг 5-моддасига ўхшаш хавфсизлик кафолати (яъни НАТОнинг бир аъзосига қилинган ҳужум барча аъзоларга қилинган ҳужум сифатида қаралади – таҳр.)».

Туркия ташқи ишлар вазири Украина хавфсизлик кафолатларининг яна бир муҳим қисми — украин қуролли кучлари салоҳияти эканини эслатди. «Европа мамлакатлари ҳақли равишда айтмоқдаки, суверен давлат бу масала бўйича қарорни мустақил қабул қилади. Россия эса, аксинча, (Украина қуролли кучлари сони бўйича – таҳр.) юқори чегарани ўз хавфсизлигига доир кафолатнинг бир қисми деб ҳисоблайди», — дея у Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик шартномасини тузиш учун ҳал этилиши лозим бўлган муаммони тасвирлаб берди.

Интервюнинг кейинги қисмида Фидан Россия ва Украина ўртасида келажакдаги тинчлик келишуви Европанинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган моддаларини «эътибор билан ўрганиш» зарурлигини таъкидлади. «Мен буни келгусидаги ҳужумлар олдини олиш учун тарихий имконият деб биламан», — деди у.

«Бундай келишувда, қайси сабабга кўра бўлишидан қатъи назар, томонлардан бири иккинчисига ҳужум қилмаслиги ҳақида аниқ мажбуриятлар бўлиши керак. Агар бунда келишиш мумкин бўлса, бу минтақада яна 50, 60, 70 йиллик тинчликни, балки ундан ҳам кўпроқни англатиши мумкин», — деб тушунтирди Туркия ТИВ раҳбари.

«Туркия Россияни таҳдид деб биладими?» деган саволга жавоб бериб, Ҳоқон Фидан қуйидагиларни эслатди: «Кўплаб низоларда биз Россия билан қарши томонларда бўлганмиз, масалан, Сурияда ва Ливияда. Шу жиҳатдан биз ҳам Европа мамлакатлари ҳис этаётган кўп нарсани ҳис қиляпмиз».

«Фарқ шундаки, биз Россия билан мулоқотни ҳеч қачон тўхтатмаганмиз, — деди у. — Агар манфаатларимиз ҳақорат қилинса, биз жавоб берамиз. Лекин қўшнимиз билан узоқ муддат давомида доимий қарама-қаршилик ҳолатида қолишга йўл қўя олмаймиз. Туркия барча қўшнилари билан дўстона муносабатларни сақлашни истайди. Биз ҳеч қачон муаммо яратадиган томон бўлишни хоҳламаймиз».

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид