Брюсселда Россия агрессияси шароитида Украинага 2026 ва 2027 йилларда кўмак бериш ва унинг молиявий барқарорлигини таъминлашга имкон берувчи таклифлар тақдим этилди. Еврокомиссия ЕИга аъзо давлатларга икки хил ҳуқуқий йўлни таклиф қилмоқда: Евроиттифоқ қарзи ёки репарацион кредит. Бу ҳақда чоршанба куни, 3 декабрда, Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида ЕИ Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) баҳоларига мос равишда, 2026–2027 йилларда Украинага «давлатнинг фаолиятини таъминлаш, шунингдек фронтдаги мардонавор қаршиликни давом эттириш» учун 137 миллиард евро керак бўлади.

«Украина ишонч билан айта олиши мумкинки, Европа унинг энг кучли ва ишонарли ҳамкори бўлиб қолади», — деди Еврокомиссия раҳбари.

ХВЖнинг молиявий прогнозларидан келиб чиқиб, Еврокомиссия «кейинги икки йилда Украинанинг молиявий эҳтиёжларининг учдан икки қисмини, яъни 90 миллиард еврони» қоплашни таклиф қилмоқда, қолган қисмини эса «халқаро ҳамкорлар тақдим этиши лозим».

Фон дер Ляйен тушунтиришича, Еврокомиссиянинг биринчи таклифи моҳиятан «ЕИ бюджети кафолати асосида капитал бозорларидан маблағ жалб қилиб, уни Украинага қарз сифатида бериш»дан иборат. Бундай қарорни ЕИга аъзо давлатлар бир овоздан маъқуллаши керак.

Иккинчи таклиф — ЕИда музлатилган Россия Марказий банки активлари ҳисобидан репарацион кредит бериш. Бу вариантга Белгия қатъий равишда қарши чиқмоқда: унинг юрисдикциясида Россиянинг тахминан 185 миллиард евро миқдорида музлатилган активлари сақланаётган Euroclear депозитарийси жойлашган.

Фон дер Ляйен таъкидлашича, иккинчи вариантга кўра, Еврокомиссия «бундай маблағларни йиғиб турган барча молия муассасаларини (фақат Euroclear эмас — тахр.) репарацион кредит доирасида бу депозитлардан фойдаланиш жараёнига жалб этишни» таклиф қилмоқда.

«Яъни, биз ҳисоблардаги пул қолдиқларини оламиз, уларни Украинага кредит сифатида берамиз ва Украина бу кредитни фақат Россия репарацияларни тўласа, ўшанда қайтариши керак бўлади», — деб тушунтирди Еврокомиссия раҳбари. Бу ечимни ЕИ давлатлари кўпчилик овоз билан қабул қилиши мумкин.

Матбуот анжуманида қатнашган ЕИ иқтисодиёт бўйича комиссия аъзоси Валдис Домбровскис Еврокомиссия таклифлари «ҳуқуқий жиҳатдан асосланган, Европа ва халқаро ҳуқуққа тўла мос келади, суверен иммунитети тамойилига ҳурмат билан ёндашади», дея таъкидлади.