Жаҳон | 16:16 / 04.12.2025
2034
2 дақиқада ўқилади

Хабаровск собиқ губернатори Фургалга суд яна 23 йил берди

Хабаровск ўлкаси собиқ губернатори Сергей Фургалга жазо аввалги ҳукмни ҳам ҳисобга олган ҳолда тайинланди. Жами ҳисобда у колонияда 25 йил ўтказишига тўғри келади.

Фото: Sergei Karpukhin/TASS

Москвадаги Бабушкин суди Хабаровск ўлкасининг собиқ раҳбари Сергей Фургални МСП-банкдан 2 миллиард рубл ўғирлаш иши бўйича 23 йил колонияга ҳукм қилди, деб хабар берди чоршанба куни, 3 декабрда, РИА «Новости» агентлиги. Аввал чиқарилган ҳукмни инобатга олган ҳолда суд унга қатъий режимдаги колонияда 25 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини белгилади.

Суд, шунингдек, Фургалга озодликка чиққанидан кейин икки ярим йил давомида давлат ҳокимияти органларида лавозим эгаллашни тақиқлади. Иккинчи жиноят иши бўйича яна тўққиз нафар айбланувчи бор, уларнинг кўпчилиги тергов маълумотларига кўра, собиқ губернатор билан боғлиқ деб ҳисобланган «Торэкс» гуруҳи корхоналари ходимларидир.

Айблов версиясига кўра, иш фигурантлари МСП-банк маблағларини ўғирлаган. Уларга жиноий ҳамжамият тузиш, кредитлаш соҳасидаги фирибгарлик, пул ювиш ва ноқонуний тадбиркорлик фаолиятида иштирок этиш айблари қўйилган.

Сергей Фургал 2018 йилда ЛДПР номзоди сифатида сайловда ғалаба қозониб, «Единная Россия» вакилини ортда қолдирган ҳолда Хабаровск ўлкаси губернатори бўлган. 2020 йилда у ҳибсга олинган ва ўз лавозимидан озод этилган.

2023 йил февралида Москва суди уни 2000-йиллар бошида тадбиркорларга қарши икки қотиллик ва бир суиқасдни ташкил этганликда айбдор деб топиб, қатъий режимдаги колонияда 22 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилган эди.

Фургалнинг ҳибсга олиниши Хабаровск ўлкасида узоқ давом этган оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлди.

2024 йил февралида Хабаровск ўлкаси суди «Я/МЫ Сергей Фургал» («Мен/Биз Сергей Фургал») ҳаракатини экстремистик ташкилот деб топди.

Прокуратуранинг таъкидлашича, ҳаракат иштирокчилари «собиқ губернаторни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш ғоялари ниқоби остида» экстремистик фаолият билан шуғулланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид